Маълумки, мазкур компания Европа, Осиё ва Африка қитъасидаги кўплаб мамлакатларида 16 та шўъба корхоналарига эга бўлиб, дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича довруғ қозонган. Жаҳоннинг таниқли кимёвий компаниялари билан иш олиб боради.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров MJ Group компанияси раҳбари ва таъсисчиси Лашвантал Шах ҳамда Marvel Lifesciences Ltdнинг Россиядаги директори Шакил Аҳмедларни қабул қилди.
Учрашув аввалида Х. Бозоров меҳмонларни Наманганга ташрифлари билан қутлади. Вилоятнинг бой табиий имкониятлари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳақида гапириб берди. Ҳиндистонлик тадбиркорлар ҳам ўз навбатида нуфузли компаниянинг йўналишлари, Ўзбекистонда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида фикр юритишди.
Томонлар учрашув якунида икки томонлама меморандум имзолаш юзасидан келишиб олишди. MJ Group компанияси Наманганда инсулин ва доривор субстанциялар тайёрлашни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шунингдек, қиймати 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ядохимикатлар ишлаб чиқарувчи завод барпо этиш ҳам кўзда тутилмоқда.