Мазкур мулоқот - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" ва Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ва белгилаб берилган бир қатор устувор вазифалар ижросини бажариш, энг асосийси, вилоят ёшларини олдида турган айрим масалалар ечимини топиш, уларни спортга кенг жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш, доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш борасида амалий ёрдам бериш мақсадида ташкил этилди. Эътироф этиш ўринлики, мазкур учрашувда ёшлар томонидан билдирилган долзарб савол ва таклифларининг аксариятини вилоят ҳокими ўз ўрнида жавобини ва ечимини таъминлади, маълумларини белгиланган муддат асосида бажарилишини қайд этди.

- Ёшларга мукаммал ҳунар ўргатиш ва уларнинг тадбиркорликка йўналтириш коллеж битирувчиларини доимий иш билан банд этиш масаласини самарали ечимидир, - деди Хайрулло Бозоров.

Кўтаринки кайфиятда ўтган мулоқот давомида ҳеч бир ўғил-қиз эътибордан четда қолмади.

- Мен тадбиркорман, ҳозирда фаолиятимни кенгайтириб, кичик ишлаб чиқариш корхонасини жорий этиш ва бу орқали тенгдошларимни иш билан таъминлаш ҳаракатидаман. Бугунги тадбир ана шундай мақсадларим учун айни муддао бўлди. Шу жойни ўзида бизнес режам кўриб чиқилиб, кредит ажратилиши белгиланди. Бу каби рағбат ва кўмаклар албатта, мен каби ёшларни ватанимиз учун муносиб фарзанд­лар бўлиб улғайишга чорлайди, - дейди Қутбиддин Тўхтасинов.

Айтиш фахрлики, бугун наманганлик ёшлар ҳар соҳада фаол. Айниқса, спорт турлари бўйича эришаётган ютуқлари эътирофга лойиқ. Ўтган йилнинг ўзида спортчилар томонидан 294 та олтин, 290 та кумуш ва 431 бронза медалларини қўлга киритилгани сўзимиз исботидир. 2016 йилнинг ўзида мактаб ва коллежларни таъмирлаш, мусиқа ва спорт мактаблари ва объектларини бунёд этиш учун 150 миллиард сўмга яқин маблағ сарф этилди. "Ҳоким ва ёшлар" учрашувида жаҳон чемпиони деган юксак ном билан нафақат вилоятимиз, қолаверса юртимизни шарафлаган бир гуруҳ спортчиларга телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғаларни топширилди.

Очиқ ва қизғин суҳбат жараёнида ўз муаммо ва масалаларига ечим топган эртамиз эгалари мамнунлик ҳиссини туйишди ва бундай жонли ва эркин мулоқот ўғил-қизларнинг орзуларига қанот бахш этганлигини эътироф қилдилар. Ёшлар байрамига айланган тадбир сўнгида Наманган давлат университети талабаси, "Президент" стипендияси соҳиби Сардор Рустамов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлодга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик улар эришаётган ютуқларнинг гарови эканлигига урғу қаратди. Ёшлар томонидан вилоят ҳокимига тантанали равишда топширилган ташаккурнома кечани янада мазмунли ва файзли ўтишига хизмат қилди.

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати.