"Соғлом бола йили"да болалар саломатлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган, эзгуликка йўғрилган бу хайрли тадбирда Республика Акушерлик ва гинекология илмий - амалий тиббиёт маркази Наманган филиали, вилоят эндокринология диспансери, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва бошқа даволаш - профилактика муассасаларининг 12 нафар малакали мутахассислари ва "Меҳрибонлик уйи"нинг тиббиёт ходимлари иштирок этдилар.
- "Меҳрибонлик уйи" даги 55 нафар тарбияланувчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлиги текширилди, - дейди катта ҳамшира Мавлудахон Азимхўжаева. -Камқонлик, сурункали танзилит каби касалликлари аниқланган 5 нафар тарбияланувчига Чортоқ болалар сиҳатгоҳида бир ой ҳам ўқиб, ҳам даволанишга йўлланма берилди. Декабрь ойида яна 14 та бола юборилади. Тиббий кўрик билан бирга болалар грипп касаллигига қарши тўлиқ эмланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилфуза Болтабоеванинг таъкидлашича, бемор деб топилган болалар учун соғломлаштириш режалари ишлаб чиқилган. Улар Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан диспансер ҳисобига олинди. Соғломлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Уларни сиҳатгоҳларда ва зарурат туғилганда стационар шароитда ётиб даволаниши учун етарли шарт-шароитлар яратилган.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик психофизик ривожланишда нуқсони бор болаларга ихтисослаштирилган "Болалар уйи"да ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди.
Рустамали Мамадалиев.