Лолахон НИШОНОВА,

Поп туман тиббиёт бирлашмасининг олий тоифали акушер-гинекологи:

- Аслида истиқлолли юртимиз хал­қи ҳаёти унутилмас воқеаларга бой. Жумладан, бизнинг оиламиз учун "Соғлом она ва бола йили" ғоят қувончли кечди. Ўғлимиз Рус­тамжон Тошкент Давлат техника университетидаги таҳсилни якунлаб, қўлига диплом олди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлигида иш бошлади. Шунингдек, набираларимиз тўйларини ўтказдик. Турмуш ўртоғим Алижон Давлатов билан уларнинг камолини тилаб, дуолар қилишдан чарчамаймиз.

Янги йилдан эса умидларимиз янада катта. Йилимизнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дея номланишиёқ кўнглимизга мунавварлик бағишлаяпти. Демак, бизларнинг орзу истакларимиз, таклифларимиз беэътибор қолмайди. Қолаверса, шифокор сифатида ўзимиз ҳам аҳоли ичига кўпроқ киришимиз, уларнинг ҳол-аҳволларидан хабар олиб,соғликлари ҳақида астойдил қайғуришимиз зарур.

Ҳадеб хонада ўтиравермай, вақти-вақти билан маҳаллаларга, ўқув-тарбия муассасаларига чиқиб, учрашувлар уюштиришни, соғлом турмуш тарзи тар­ғиботини кучайтиришни фаолиятим мезонига айлантираман. Беморларни даволашдан кўра ҳам соғлом кишиларга дардга чалинмасликлари учун турли касалликларнинг олдини олишга доир тиббий маслаҳатлар беришни ҳамишалик касбий бурчим, деб ҳисоблайман.