Хайрият, кечаги муолажалар ижобий таъсирини бериб онахоннинг соғлиги анча яхшиланибди. Хавотирга ўрин қолмабди, энди у астойдил уй юмушларига киришди. Хонадонни супуриб сидирди. Печкага олов ёқди. Хоналарни сал шамоллатиб, нонушта тайёрлади. Онахоннинг кийим-бошларини алиштириб, дори-дармонларини ичириб хайрлашар экан, тушликда хабар олишини айтиб ишхонасига ўтказиладиган режали йиғилишга шошилди.

Замира Бойхонова - Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими ходими. У 22 йилдирки якка-ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг ғамхўри. Шу ўринда бўлим ҳақида икки оғиз сўз. Туманда 164 нафар якка-ёлғизлар бўлса, уларга 20 нафар ижтимоий ходимлар хизмат қилишади.

Ҳукуматимиз томонидан якка-ёлғиз кексалар ва ногиронлар, яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўрсатилаётган юксак ғамхўрликлар ёлғизларнинг кўнгилларини тоғдай кўтараётган бўлса, З. Бойхоновадай куюнчак ва меҳрибонлар эса барчаларининг қалбига янада юпанч ва таскин бўлишаётгани шубҳасиз.

Улар кўпроқ меҳрга, кўпроқ эътиборга муҳтож. Аммо у ҳудудидаги қаровчиларига асло ёлғизлигини, эътиборга эҳтиёжманд эканлигини сездирмайди. Чунки уларни ювиб-тарашу, овқатлантиришдан тортиб, супур-сидирларигача, ҳатто томорқаларидан унумли фойдаланишгача ўз тасарруфига олган. Қишки озиқ-овқат, ўтин-кўмир заҳираларини ҳам саховатпеша инсонлар ёрдамида ғамлаб, қийинчилик сездирмайди. Турли байрамларда уларни асло ёддан чиқармайди. Ҳомийлар кўмагида байрам совғаларини ташкиллаш ва тақдирлашда ҳам илғорлар сафида.

 Биз Боғ МФЙда яшовчи Жамолиддин Нуриддинов, Янги ҳаёт кўчасидаги Муродилла Бойдедаев, Бобур ширкатидаги Насибат Умрзоқова сингари якка-ёлғиз кексаларга янги йил совғаларини улашиб қайтаётганининг гувоҳи бўлдик. Бўлим бошлиғи Фозилжон Умаров эса қаҳрамонимизга куни кеча якка-ёлғиз Саломатхон Холмирзаевадан ташаккурнома, миннатдорлик сўзлари битилган мактуб келганлигини мамнуният билан сўзлади.

- Меҳрибоним дейман, Замирахонни, - дейди Ира Ҳафиятова. - Ҳар куни ҳолимдан хабар олади. Уй ишларинику қўяверинг, бемор бўлсам бошимда туну-кун парвона...

- Қўшниларим хавас қилишади, уйингиз доим саранжому-саришта деб - дейди М. Бойдедаев. - Чаққон қизимнинг меҳнатлари туфайли хонадоним ҳам, эгним ҳам озода. Рўзғорим бут. Коммунал тўловларимгача шу қизим тўлаб беради, асло камлик кўрмасин.

Албатта, инсон ўз-ўзидан ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлмайди. Тинимсиз меҳнат ва изланиш, заҳматларнинг мевасидир бундай олқишу рағбатлар.

У устозлари М. Маллабоева, Ў. Эрназарова, Н. Қамбаровалардан муомала маданиятию, инсон кўнглига йўл топишни ўрганди. Тенгдошлари М. Раҳимова, Д. Сатторова, И. Юсупов, Д. Рафиқова, А. Саримсоқова ва М. Нишонова, М. Абдусаломова, Р. Норматовалар билан ҳамиша ҳар ишда ҳамкору-ҳамнафасликда хизмат қилмоқда.

З. Бойхонова жамоанинг фахри. Ҳамиша тиниб-тинчимаслиги, ташкилотчи ва меҳнатсеварлиги унга муносиб рағбатлар келтирди. 2007 йилда, яъни "Ижтимоий ҳимоя йили"да ўтказилган "Кексаларни эъзозлаш" кўрик-танловида вилоятда олий ўринни олган бўлса, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган республика босқичида "Энг чаққон ижтимоий ходим" номинацияси бўйича танлов ғолиблигини қўлга киритган. Мус­тақилликнинг 25 йиллиги арафасида туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. "Соғлом она ва бола йили"да вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг "Йилнинг энг яхши ижтимоий тиббий ходими" дея эътироф этилди.

Эътироф муборак, деймиз Замирахонга. Келгусидаги эзгу ишларида янада омадлар тилаймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.