Ана оғриқнинг зўридан инграётган қизалоқни олиб келишди. Бўлим мудири Ёқубжон Эшонхўжаев таҳлил ва кўрик натижаларига кўра дарров бир қарорга келди. Болага ўткир апендицит ташхиси қўйишиб, шошилинч жарроҳлик амалиётига олишди. Моҳир шифокорлар қизчани озорлаётган "кўр ичак"дан холос этишди. Унинг ота-оналари бошларидаги ташвишларини аритган меҳрибон врачларга катта миннатдорчилик билдиришди.
Энди олқишдан диллари яйраб, енгил тортиб туришган эди ҳамки, қўлларида оғир ҳолатдаги болани кўтарволишган эру хотин кириб келишди.
- Дўхтир, ёрдам беринг, ўғлимизнинг аҳволи танг, - деди йигит аёли қўлидаги болага ишора қилиб.
Ёқубжон ака дарров кўрикдан ўтказишга киришди.
- Нафас йўлига бир нарса тиқилибди, - деди у ҳеч иккиланмай.
- Мағиз, ерёнғоқ мағизи, - деди врачнинг фикрини тасдиқлаб аёл, - бепарво қолибман. Ҳиққиллаб, ранги кўкаргач, билиб қолдик...
- Ташвишланманг, ҳозир олиб ташлаймиз, - деди ишонч билан врач қатъий оҳангда.
Айтилгандай саноқли дақиқалардаёқ нафас йўлидаги "ғов" бартараф этилди.
Яна олқишлар устига олқишлар ёғилди уддабурон жарроҳларга.
- Жамоамизда 11 нафар врач, 25 нафар ўрта махсус тиббиёт ва 30 нафар кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қилишади, - дейди Ёқубжон ака. - Асосан қорин ва кўкрак қафас жароҳатларида шошилинч жарроҳлик амалиётлари, ўткир апендицит, қисилган чурралар, ўткир ичак тутилиш, шошилинч туғма нуқсонларга амалий ёрдамлар қўрсатилади. Кейинги йилларда бўлимда эндовидеохирургия усулидан кенг фойдаланилмоқда. Қолаверса, авваллари нафас йўлида ёт жисм билан мурожаат қилган беморлар Андижон ёки Тошкентга юборилар эди. Эндиликда бундай амалиётлар шу ернинг ўзида муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Бу ердаги шифокорларнинг деярли 85 фоизини олий тоифалилар ташкил этади. Э. Жўраев, Б. Жабборов, Х. Хўжаев, А. Зуфархонов каби врачларимиз, Д. Ҳабибуллаева, М. Қодирова, Х. Усмонова, Т. Тўлаганова каби ўрта тиббиёт ходимларидан барча беморлар мамнун. Бўлим шифокорлари муттасил равишда ўз устида ишлайдилар. Кўплаб республика миқёсидаги анжуманларда ўз касбий маҳоратлари билан илмий чиқишлар қилишган. Жумладан, Бахтиёр Жабборов Республика шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциациясининг 3-сеъздида ўзининг қўргазмали тақдимоти ва маърузаси билан қатнашиб, ёш олимлар ичида фахрли 3-ўринни эгаллади. Бўлимимиздаги ибратли ишлардан яна бири - "Болаларда қорин ёпиқ шикастида лапороскопия усули бўйича РШТЁИМ НФ тажрибалари" мавзусида инглиз-ўзбек тилларида тест чоп этилди.
Гулюз МЕҲМОНОВА.