"Меҳнат нури" хусусий корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилган икки қаватли бинода шифокор ва беморлар учун барча қулайлик яратилган. Жарроҳлик, шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, тиббий лаборатория, ошхона ва бошқа ёрдамчи хўжалик хоналари замонавий жиҳозланган. Замонавий тиббиёт жиҳозлари, юмшоқ ва қаттиқ мебеллар ҳамда бошқа зарур воситалар билан таъминланган шифо масканида юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароит яратилган.

- Давлат дастурлари асосида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида туман тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда, - дейди Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори М.Қобулова. - Бирлашмага яқинда берилган "Nissan" русумли замонавий реанимобиль, айниқса, олис қишлоқлар аҳолисига тезкор тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини янада яхшилади.

ЎзА.