Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганларидек:

"Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад - инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб қилиб қўймоқда.

Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак".

Бизнингча, инсоннинг ҳаётидаги биринчи галдаги эҳтиёжи соғлигини сақлашдир. Бу борада шифокорлар хизматига ҳар доим муҳтожлик сезади. Тиббий кўрикдан тортиб, фойдали маслаҳатлар олишгача, лозим бўлса, ётиб даволанишгача эҳтиёжмандлик каттаю-кичикка хос табиий ҳолатдир. Шундай экан, инсон манфаатлари ҳамиша устуворликка эга.

Демак, барча даволаш-профилактика муассасалари ходимлари ўртасида меҳнат интизомини қатъий йўлга қўйиш, тиббий хизмат кўрсатишни давр талаблари даражасига кўтариш, беморларга беминнат ва самимий муносабатда бўлиш, даволашнинг энг самарали усулларидан фойдаланиш, ҳатто муолажалар учун ўзимизда ишлаб чиқилган сифатли ва арзон дори-воситаларини буюриш муҳим вазифалар сирасига киради.

Президентимиз уқтирганларидай: "Инсон манфаатларини таъминлашда иқтисодиётимизнинг юксак суръатлар билан барқарор ривожланиши қандай катта аҳамиятга эга эканини барчамиз яхши тушунамиз.

Самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш-буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллардир".

Янги йилимиз янги муваффақиятлар билан қувончли ва унутилмас ҳаёт саҳифаларига айлансин! Бунинг учун барчамиз бирдай бир ёқадан бош чиқариб, ҳалол ва фаол хизмат қилайлик!

Содиқ САЙҲУН.