Қамбарали ЙЎЛДОШЕВ,
Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг олий тоифалижарроҳи:
- Мустақил Ўзбекистонимизда 2016 йилда ҳам олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли барча соҳалар қатори тиббиётга эътибор янада кучайтирилди. Ислоҳотларнинг ҳаётга изчил тадбиқ этилиши самаралари ёрқинроқ кўринди. Замонавий, жаҳон андозаларига мос, ўзига хос услубда қурилган даволаш муассасаси бинолари, "Саломатлик" лойиҳалари асосида тиббий аппаратлар келтирилиши, энг муҳими, пойтахт ва вилоятда ишлаётган малакали шифокор, мутахассислар билан ҳамкорлигимиз янада кучайди. Туман бўйича илгари саноқли ва эски "Тез тиббий ёрдам" автомашиналарида беморларга хизмат кўрсатиларди. Улар ўрнига замонавий "Амбуланс" ёки реаномобиллар шифохоналарга, мен меҳнат қилаётган шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ҳам топширилгани йилнинг яхши совғаси бўлди. Бу эса бизларни фидойилик сари руҳлантирди.
Ўтган йили бир гуруҳ илғорлар қаторида Самарқанд шаҳрига бориб, Биринчи Президентимизнинг қабрларини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдим. Умр йўлдошим, фахрий тиббиёт ходими Ҳафизахон иккимиз бош бўлиб, набирамиз Шоҳжаҳоннинг суннат тўйини ўтказиб, элга дастурхон ёздик.
- Янги йилдан яна умидимиз катта. Менинг 1977 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетини тамомлаб, шу соҳада меҳнат қилаётганимга қирқ йил тўларкан. Эл орасида шифокор бўлиб, ҳурмат топганимдан хурсандман. Ёшларга устозликнинг заҳматию, қувончини ўргатишдан толмайман. Халқ орасига кўпроқ кириб, улар дардига ширин сўз ва касб маҳоратим билан дармон бўлишини истайман. Оиламизда 4 нафар фарзанд, 8 нафар набира улғайишмоқда. Бу йил Анварбек набирамизнинг тўйини ўтказишни режалаштирганмиз. Ҳар кунимиз фақат ёдда қоладиган воқеаларга бой йил бўлсин.