- Дадаси, менга узр, 7-мактаб ёнидаги ҳовлида бемор бор. Кеча кечқурун хабар олган эдим. Ҳозир ишхонага бормай, аввал онахоннинг саломатлигини кўриб қўйсам, дегандим. Ҳа, айтгандек, Тошкент шаҳридан ўғлимиз Аюбхон ва Умида қўнғироқ қилиб, иккимизни байрам билан қутлашди. Янги йилни етиб келиб, биргалашиб кутишаркан, - дея қувониб хушхабарни ҳам етказди Одинахон.

- Жуда соз. Сен ҳам тайёргарлигингни кўравер, аяси. Қани омин, юртимизда, барча хонадонларда тинчлик, хотиржамлик бўлсин. Мен ҳам ишга бораман, - деди турмуш ўртоғи, «Узрубероид» МЧЖ темир йўл ходими Асқархон дуога қўл очаркан.

Лавҳамиз қаҳрамони Поп туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Хўжаобод ҚВПнинг патронаж ҳамшираси О. Ғаниева шу гўша фарзанди. Мактабни тамомлаб, Наманган тиббиёт билим юртига ҳужжат топшириб талаба бўлди. Ўқув даргоҳида Ғуломжон Убайдуллаев, Адҳамжон Алихоновдек устозларидан нафақат сабоқ, балки тиббиёт ходими маънавияти, назарияни амалиётга боғлаш сир-асрорларини ҳам ўрганди, ўқиди, уқди.

Дипломни қўлга олгач, Поп туман юқумли касалликлари шифохонасида иш бошлади. Ташаббускор, жонкуяр, чаққон, хушмуомала ҳамширанинг жамоат топшириқларини бажаришидаги фаоллиги билан жамоада, қўли енгил, ширин-суханлиги билан беморлар орасида ҳурмат топди. Кейин эса изланувчан ҳамширани Халқобод шаҳарча фуқаролар йиғинида жойлашган тиббий санитария қисмининг терапия бўлимига ҳамшираликка таклиф этишди.

Орадан йиллар ўтди. Бир куни Хўжаобод ҚВП мудири Мўйдинхон Маматхонов Одинани йўлда учратиб қолди. Салом-аликдан сўнг тажрибали шифокор уни патронаж ҳамширалиги вазифасига таклиф этди.

- Майли, сиз ишонч билдиряпсиз, оқлашга ҳаракат қиламан, - дея рози бўлди у.

Мана шунга ҳам саккизинчи йил кетяпти. О. Ғаниева устоз шифокор ишончини оқлади. Билмаганларини онасидан сўрашдан, тиббиётга оид китоблар ўқишдан эринмади. Оддий ҳамшира олий тоифали патронаж ҳамширалигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Меҳнати уни элга танитди. Кимлигини эл билди.

- Одинахон опа ва Комила Шарофиддиновага "Хўжао­бод-1" МФЙ худуди бириктирилган, - деди бош ҳамшира Иззатхон Саидова. - Улар ўз тасарруфларидаги маҳалланинг етти ёшидан етмиш ёшигача бўлган аҳолисини яхши билишади, ғамхўрлик кўрсатишади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидан ҳам қадамлари узилмайди.

Дарҳақиқат, жонкуярлиги туфайли Одинахон аҳолидан сира-сира эътирозлар эшитмайди. Аксинча, доимо миннатдорчилик сўзларига мушаррафдир. Фаол ҳаракати учун тиббий назорат ва ёрдам кўрсатиш билан бирга мароқли суҳбатлар ўтказиш доимий одатига айланган. Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларини содда тилда, мисоллар орқали тушунтиради. Унинг айниқса, ўсмир қизлар билан учрашувларда ҳовли-жойларни озода тутиш, орасталик, шахсий гигиенага риоя этишлари тўғрисидаги тушунтиришлари самара бермоқда. Туман бирлашмаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари билан тақдирланган.

- Камтар, ўз касбининг билимдони Одинахон кўрик-танлов ғолиблари сафига қўшилди. У билан биз фахрланамиз. Янги йилда яна ютуқлар ёр бўлишини истаймиз, - деди муассаса мудираси Ҳафизахон Жалолова.

2016 йилда О. Ғаниевага яна омад кулиб боқди. "Соғлом она ва бола йили"да, Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соғлиқни сақлаш тизимида фидокорона ва фаол меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ илғорлар қаторида у "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси" номинацияси ғолиби деб эълон қилинди.

Бахт ғойибдан келмайди. Унинг қасри ҳалол, фидокорона меҳнат билан қад кўтаради. Одинахоннинг ўғли Аюбхон Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Ҳозирда пойтахтда ишламоқда. Қизлари Умидахон эса Жаҳон тиллари университетида инг­лиз тили ихтисослиги бўйича 3-босқичда таҳсил оляпти. Демак, у ҳавас қилса арзигулик оила соҳибаси ҳамдир.

- Менинг хизматларим эътирофи жамоамиз меҳнатига берилган баҳо, деб ҳисоблайман. Чунки мудирамиз раҳнамолигида врачу ҳамширалардан тортиб кичик тиббий ходимларгача аҳил, ҳамжиҳатликда иш олиб боряпмиз. Янги йилда янги ниятларни дилга тукканмиз. Ютуқларни тобора мустаҳкамлаб, халқимиз саломатлигини сақлашда юқори кўрсаткичларни қўлга киритаверамиз,- дейди Одина Ғаниева.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.