Чортоқ тумани "Баркамол авлод" болалар маркази бўлим бошлиғи М. Сайрамов бизга йўллаган мактубида Чортоқ стоматология МЧЖ, олий тоифали шифокори М. Раҳимовнинг ҳалол ва фаол хизматларини эътироф этган. Жумладан, у шундай ёзади. "Маҳмуджон иш фаолияти давомида кўплаб инсонларнинг олқишини олди. Ҳамшира Г. Содиқова билан биргаликда бўйиндан тепа қисмидаги жарроҳлик амалиётларини жуда яхши уддалайди. Ундан шифо топган М. Маматова, Ф. Ахмаджонова, Р. Норматова, М. Йўлдашева, Г. Отаханова, Г. Усмоноваларнинг ҳам миннатдорликлари чексиз". Қолаверса, шифокордан "Чортоқ" сиҳатгоҳига Хоразм, Бухоро, Андижон, Фар­ғона вилоятларидан ташриф буюрганлар ҳам мамнун эканликларини ёзганлар.

Вилоят наркология диспансери мутахассиси И. Тожитдинов «Соннат таблеткаси тўғрисида»ги маъқоласида халқаро патентланган номи Зопиклон-ухлатувчи восита эканлиги, марказий нерв тизимига таъсири билан боғлиқлигини қайд этган. Жумладан, препарат билан бирга алькогол ва бошқа психотроп моддаларни истеъмол қилиш асло мумкин эмаслигини, ҳозирда диспансерга мурожаат қилаётган "Заҳарвандлик", "Токсикоман" хасталигига чалинганларнинг аксарияти соннат таблеткасига мойил бўлиб қолаётганликларини, шунинг учун мазкур дори воситасидан фойдаланишда мутахассис кўрсатмасига қатъий амал қилиш лозимлигини алоҳида уқтириб ўтган.

Хатлар орасида, иқтидорли тиббиёт ходимлари ўз ижод намуналаридан ҳам жўнатганлар.

Наманган тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош врачи Н. Қосимова мустақил мамлакатимизда аёлларга яратилган шарт-шароитлар, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги мулоҳазаларини баён этган.

Шунингдек, жамоатчи мухбирларимиз Ж. Эгамбердиев спиртли ичимликлар истеъмол қилишнинг зарарли оқибатлари, Ҳ. Холиқов саломатлик тадбири тўғрисида ёзганлар.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, нашримизнинг газетхонлар билан алоқаси кундан кун мус­таҳкамланиб бормоқда. Муштарийларимиздан турли мақола, шеър ва ҳикоялар оляпмиз. Бундан бағоят мамнунмиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.