У асли Наманган туманидаги Қумқўрғон қишлоғида ишчи оиласида таваллуд топган. Юқори синфларда ўқиб юрган кезларидаёқ дугоналарига "Мактабни тугатсам доктор опа бўламан" дея мағрурланиб қўярди. Шу боис, 1985 йили Наманган тиббиёт билим юрти талабасига айланди. Умумий ҳамширалик мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом олди. Сўнгра ота-оналари аълочи қизини оқ фотиҳа билан Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига йўллашди.
Насибахонга 1993 йили қўшалоқ бахт ато этди. Биринчиси - ички касалликлар (терапевт) мутахассислиги бўйича олий маълумотли дипломга эга бўлди. Иккинчиси-ўзи орзу қилган инсон, курсдоши Янгиқўрғон туманининг Сангистон қишлоғилик Султонхон Раҳмонов билан тақдирини боғлади. Шу йили Навкент ҚВПда умумий амалиёт врачи сифатида иш фаолиятини бошлади.
Насиба Раҳмонова келинлик вазифасини мукаммал адо этиш баробарида ёш врач сифатида ширинсўз ва меҳрибонлиги билан одамлар эътиборига туша бошлади. Ҳатто 2005 йили вилоятда ўтказилган "Йилнинг фидокор шифокори" кўрик-танловининг мутлоқ ғолибига айланди. Унга 1-даражали Диплом, Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг "Фахрий ёрлиғи" ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Фидокор шифокор Сангистон ҚВПга мудира этиб ишга тайинлангач, масъулияти янада ошди. У ҳар бир хонадонга кириб-чиқишдан эринмас, беморларни ўз кўзи билан кўриб, таҳлиллари асосидагина муолажа тавсия қилар, "Хасталикнинг даволашдан кўра унинг олдини олган маъқул", дея ҳудуддаги 23- ва 39-мактаб ўқувчиларига тинимсиз тушунчалар беришга интилди. Айниқса, оналар ва болалар соғлиги мукаммал ҳимояланганлиги сабаб етти йил мобайнида Сангистон қишлоғида бир ёшгача болалар ўлими, ногирон бола туғилиши ва туғруқ жараёнида оналарнинг шикастланиши қайд этилмади.
Насибахон Раҳмонованинг фаол хизматлари 2014 йил Президентимиз Фармонига кўра "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
- Кунларнинг бирида, - дейди Насибахоннинг ўзи, - ҚВПга Иброҳим ака Отабоев кириб кўкрак қафаси оғриётганидан шикоят қилди. Тезлик билан ЭКГ қилдим ва миокард-инфаркт бўлгани аниқланди. Дарҳол биринчи ёрдам кўрсатиб, ўринларидан қўзғотмай марказий шифохонанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб бордик. Вақтида даволанганлари боис соғайиб кетдилар.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, мақоламиз қаҳрамони ички касалликлар бўйича етук шифокорлардан бири. Унинг бемори соғаймагунча ёнидан узоқ кетмаслик, даволаш усуллари, хасталикни аниқлаш, муомала маданияти, вазмин ва мулоҳазакорлиги ҳамкасбларига ҳам ибратлидир.
Айни дамда туман тиббиёт бирлашмасида ҚВПлар координатори. Туманда 24 та ҚВП ва битта поликлиника мавжуд. Булар 39587 хонадонда яшаётган икки юз мингдан зиёд аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишади. Қишлоқ давогоҳларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Замонавий тиббиёт асбоб-анжомлар билан тўлиқ жиҳозланган. Лаборатория таҳлили учун етарли имкониятлар мавжуд. Кундузги стационар, муолажа, эмлаш, аёллар маслаҳатхонаси, оналар ва болалар, физиотерапия хоналари мунтазам ишлаб турибди.
Координатор Насиба Раҳмонова қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини оқилона мувофиқлаштириб, улардаги тиббий хизматни истиқлол ислоҳотлари талаблари даражасида ташкиллаш мақсадида сира тиним билмайди. Мақсади ҳамқишлоқлари соғлигини сақлаш учун кеча-кундуз ҳалол хизмат қилаётган врачу ҳамширалар фаоллигини табора ошириш, беморлар тез соғайишини таъминлаш, аҳоли ўртасида турли касалликларнинг кўпайишига йўл қўймасликдир.
Қамбарали ИБРОҲИМОВ,
журналист.