Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарорининг қабул қилиниши бу борада бошланган эзгу ишларнинг узвий давоми бўлади, десак хато қилмаймиз. Дарҳақиқат, келажак авлоднинг бахту иқболини, муносиб турмуш кечиришини ўйлаб қабул қилинган мазкур ҳужжат тарихий аҳамиятга эгадир. Ҳақиқий халқпарварлик тамойиллари асосида қабул қилинган мазкур қарор қишлоқ аҳолисининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам уйлардан, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга, қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга йўналтирилгандир.
Ушбу муҳим вазифалар ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинган қарор қишлоқ аҳолисининг кенг қатламлари учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ва қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга йўналтирилган.
Қарор тўпланган тажрибани ўрганишни ҳисобга олиб қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишига янгича ёндашувни мустаҳкамлайди. Унда беш йиллик даврга мўлжалланган қишлоқ жойларда арзон уйлар қуришнинг кўламли Дастурини изчил амалга ошириш назарда тутилган. Дастурга асос қилиб олинган янгиланган намунавий лойиҳалар қишлоқ аҳолисининг юқорида кўрсатиб ўтилган талаблари ва эҳтиёжларини тўлиқ ҳисобга олади.
Дастурда қишлоқ жойларда нарх параметрлари ва шинамлилигига кўра якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта энг арзон турларини қўшимча равишда барпо этиш назарда тутилади.
Жумладан, биринчи тури бўйича уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки ва уч қаватли кўп квартирали уйлар барпо этиш мўлжалланган. Мисол учун бундай уйларда умумий майдони 42,4 квадрат метр ва тахминий қиймати 72,5 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 85,0 миллион сўм бўлган икки хонали квартиралар қуриш режалаштирилмоқда.
Ўз навбатида, уч хонали квартираларнинг майдони 52,4 квадрат метр ва тахминий қиймати 88,5 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 100,7 миллион сўм бўлади.
Бундан ташқари, кўрсатиб ўтилган кўп квартирали уйларни қуришда квартиралар эгаларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳовлида жойлаштириладиган иморатлар - болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар, душ ва бошқалар барпо этиш назарда тутилади.
Иккинчи турига мувофиқ аҳоли зич жойлашган туманларда 2 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган бир қаватли икки ва уч хонали арзон уйлар қуриш белгиланмоқда. Бундай икки хонали уйларнинг умумий майдони 53,0 квадрат метр ва тахминий қиймати 93,8 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 101,5 миллион сўм бўлади.
Уч хонали уйларнинг умумий майдони 63,5 квадрат метр ва тахминий қиймати 111,0 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 118,7 миллион сўм бўлади. Уйларнинг ҳовлисида хўжалик иморатлари қуриш назарда тутилади.
Учинчи тури 4 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган умумий майдони 115,0 квадрат метр бўлган ягона блокка бирлаштирилган икки қаватли тўрт хонали уйлар қуришни назарда тутади. Бунда кўрсатиб ўтилган уйларнинг тахминий қиймати 162,0 миллион сўмни, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 181,8 миллион сўмни ташкил этади. Уйларнинг ҳовлисида хўжалик иморатлари қуриш назарда тутилади.
Агар 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастури доирасида уй қурувчининг дастлабки бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, янги Дастур бўйича ушбу бадал биринчи ва иккинчи турдаги уйларни қурувчилар учун атиги 15 фоизни ташкил этади. Бу ҳам аҳоли, айниқса кам таъминланган оилалар учун жуда катта ғамхўрликдир.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори халқимиз томонидан зўр мамнуният билан кутиб олинди. Унда кўзда тутилган мақсадларнинг рўёби эса юртдошларимизнинг ҳаёт даражасини тубдан яхшилашнинг омили бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.