Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Қарордан кўзда тутилган мақсад аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт анжомлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этишдек номақбул амалиётларнинг олдини олиш ва келгусида шундай нохуш ҳолатларга йўл қўймасликдир.
Очиғини айтганда, ҳозирга келиб мамлакатимиз фармацевтика саноатида фахрлансак арзийдиган натижалар қўлга киритилмоқда. Илгарилари дори воситаларини асосан четдан сотиб олишга мажбур бўлингани ойнадай аён. Бугун эса Ўзбекистонлик фармацевтлар ишлаб чиқараётган дори махсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда. Аниқроғи, айни пайтда 12 та давлатга юборилаётир. Уларда 226 номдаги препаратларимиз рўйхатдан ўтказилгани соҳадаги мислсиз ўзгариш эмасми. Худди шундай. Бу истиқлолли юртимизда мазкур масалага эътибор тубдан кучайтирилганининг яққол самарасидир. 2016 йилнинг 4 январида "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда тасдиқланиши ҳам бежиз эмас. Энди сифат масаласи ҳам қатъий қўйилган. Ахир ҳар бир дори-дармон ортида инсон ҳаёти, унинг соғлиги ётишини унутиб бўладими. Аксинча, назорат ишлари доимий ва давомли.
Маълумки, бу соҳада республикамизда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси, "Ўзбекстандарт" агентлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган 8 та тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, "Дори-дармон" АКга қарашли 15 та назорат-таҳлил лабораторияси, шунингдек, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ички назорат-таҳлил лабораториялари изчил фаолият юритади. Демак, сифатли маҳсулот тайёрлаш тўла кафолатга эга. Сифатсизи дорихоналарга чиқарилмайди.
Юқоридаги қарорга мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари-ю, тиббиёт буюмларини етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари қўлланиши белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланадиган ташкилотлар нархларни давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этилишини бевосита мунтазам назорат қилиб туради.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 25 августда чиқарган "Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек, дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисида"ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 62- сонли буйруқ вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларига етказилди. Матбуот саҳифасида тўлалигича ёритилди. Биз Низомнинг ўзи ва иловалари билан шифокорларимизни таништирганмиз. Ҳозирда янги рецепт бланкаси амалда. Албатта, бундан буён врачларнинг масъулияти янада ортди.
Яхши биламизки, бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқарувчи ҳам, сотувчи ҳам, истеъмолчи ҳам ўз манфаатини кўзлаб танлов қилишга тўла ҳақли. Лекин юқори сифатли ва арзон дори-дармон бемор учун ниҳоятта зарурлигини ҳар ким инкор этолмайди. Шундай экан, ўзимизнинг дори-дармонларимиз сифати хорижникидан асло қолишмаслигини, аввало, шифокорлар тарғиб қилишлари, муолажага буюришлари шарт. Негаки, бемор ҳамиша даволовчи врачи тавсиясига ишонади. Ўзимизнинг маҳсулотларимизни қадрлаш ватанпарварлик ва халқпарварлик туйғусидан келиб чиқади. "Эл соғлиги-юрт бойлиги" деб бежиз айтилмаган. Тиббиётчиларимиз янги даврда янгича қарашлар билан иш тутишиб, нажотталаб беморларни самарали даволашга эришаверадилар, деб ишонамиз.