Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев очди ва олиб борди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси - Фарминспекция етакчи мутахассиси Адҳам Фахриддинов "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2647-сонли қарори ижроси бўйича даволаш-профилактика муассасалари ва дорихоналар томонидан амалга ошириладиган тезкор тадбирлар ҳақида" маъруза қилди.
"Ўзстандарт" агентлиги Наманган синов-сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори Ботиржон Бойбобоевнинг чиқиши эса "Дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш ва савдо хизматида халқаро стандартлар асосида сифатни бошқариш тизимларининг роли" ҳақида бўлди.
Нотиқлар юртимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли ва рақобатбардош дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни яхшилаш борасидаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларда қайд этилган вазифалар ҳусусида батафсил тўхталдилар. Шифокорлар томонидан дори воситаларини тайинлаш ва дорихоналарда аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тартиблари, барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати изоҳлаб берилди.
Анжуман қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар.