Республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ибораси билан айтганимизда: "Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир". Шу боис келажаги буюк давлатни қуришда тани соғлом, ақли соғлом, руҳи соғлом кишиларгина фаоллик кўрсатишларига комил ишонч билан кенг қамровли, беқиёс ишлар олиб борилаётир. Истиқлолнинг чорак асрлик тараққиёт йўлига нигоҳ солсак, мазкур масала ҳамиша давлат сиёсатида устуворлигини кўрамиз. Ўзбекис­тон Республикасининг тиббиётга тааллуқли Қонунлари, Биринчи Президентимизнинг қатор Фармон ва Қарорлари, Ҳукуматимизнинг қарор ва дастурлари тиббиётнинг жадал тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Чунончи, 1996 йил 29 августдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлигини сақлаш тўғрисида"ги, 1998 йил 10 ноябрдаги "Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янда чуқурлаштириш ва ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Қонун ва Фармонларда "Фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш" Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг энг муҳим фаолиятидан бири сифатида аниқ белгилаб қўйилган.

Албатта, қонун, қарор ва фармонлар, Давлат дастурларининг ҳаётга изчил тадбиқ қилиниши соҳадаги илдам ўзгаришларда йилма-йил намоёнланди. Буни халқимизнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва барқарорлаштириш саъй-ҳаракатларидан ҳам яққол билишимиз мумкин. Эътиборга сазоворларидан бири 2001 йили Республика Саломатлик маркази ўрнида Республика Саломатлик институтининг очилиши бўлди. "Оналар ва болалар йили"нинг энг муҳим ютуқларини қўлга киритишда янгиланган, вазифалари кўлами кенгайган муассаса жамоаси фаоллигининг тубдан оширилганлиги ўзига хос муҳим роль ўйнади. "Ҳомийлар ва шифокорлар йили"га, яъни 2005 йилга келиб, институтнинг моддий базасини янада яхшилаш чора-тадбирлари кўрилди. Институт Республика Ахборот таҳлил маркази билан қўшилди. Ана энди унинг номи Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти деб ўзгартирилди. Низомда асосий вазифалардан бири сифатида "...соғлом турмуш тарзини ҳаётга тадбиқ этишнинг фаол тарғиботини такомиллаштириш" деб белгилаб қўйилган.

Биз юқоридагиларга бежиз тўхталмадик. Бу мазкур институтнинг Наманган вилоят филиали тарихига бевосита дахл­дорлиги бундан роса 15 йил муқаддам бошланган эзгу ишларининг тадрижий такомилини англашимиз учун ғоят аҳамиятли экани шубҳасиз.

Даставвал "Саломатлик маркази" мақомида тиббий тарғиботчилар бошини бир жойга қовуштириб, уларни кўзлаган эзгу мақсадлари сари йўналтириб турган муассасани истиқлол йилларида Муҳаббат Аҳмедова, Ҳамидхон Ботиров, Ҳабибулла Устабоевлар бошқаришган. Институт филиалига айлантирилгач эса, Замира Зайниддинова, Илҳомжон Жўраев, Ирода Мусаевалар директорлик вазифасини адо этишди. 2015 йилнинг октябридан Улуғбек Ботиров раҳбарлик қилаётир.

15 йил! Бу тарих учун жуда қисқа фурсат. Бироқ истиқлол ислоҳотлари даврида эслашга арзигулик, ёзишга муносиб ишларнинг кўплиги, улар ажойиб мутахассислар, билимдон ва сўзамол шифокорлар томонидан амалга оширилган тадбирларнинг ҳаётга ҳамоҳанг ижроси билан қадрли ва эътиборга лойиқ.

Масалан, "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" Иномжон Мирзаев тиббий статистикага бутун умрини бағишлаган мутахассис. У Муҳаммаджон Акбаров, Гулчеҳра Низомова, Шаҳодат Ғуломова, Зокиржон Шоқаламов сингари бўлим мудирларини эсга олиб, яхши сафдош, ишига пухта, қунтли саломатлик посбонлари сифатида тилга олди. Айни дамда Лолахон Улуғбоева ўша ҳамкасблар ишларининг муносиб давомчиси эканини эса ўзимиз яхши биламиз.

Соғлиқни сақлаш тизимини таҳлил қилиш бўлимида врач Барчиной Аҳмедова ҳамшира Нодирахон Камолова билан зиммаларидаги вазифани йилма-йил бехато ва тўкис бажариш ҳаракатидалар. Тиббий таҳлил натижалари гўё жойлардаги аниқ ҳолатни кўрсатувчи барометрга ўхшайди. Мана, қўлимизда компьютердан чиқарилган маълумотнома-вилоят бўйича 2014 йилга нисбатан 2015 йилда аҳолининг бирламчи касалланиш даражаси кўтарилишини акс эттирган таҳлил. Оппоқ қоғознинг юқорисига касалликлар номи битилган. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳудудида қайси хасталик кўпайган бўлса, уларнинг рўпарасидаги ўша катаклар қорайтириб қў­йилган. Бунга назар ташлаб, қайси хасталик қаерда кўпайиб бораётганини, вазиятнинг кескинлашувини дарров пай­қаш қийин эмас. Умуман, вилоятдаги ҳолат ҳам ойнадай аён қилиб қўйилган. Таҳлилдан қуйидагилар уқилади: вилоятда эндокрин касалликлардан қандли диабетга чалиниш Чуст туманидагина озайган. Нафас тизими оғриётганларнинг сафлари 11 та тумандан 7 тасида кенгайган. Ўсма касаликларининг авж олиши шаҳар билан яна 6 та туманда кузатилган. Гепатитнинг тарқалиши пасайган, силга чалиниш камайган. Наркологик ва заҳм тўғрисида ҳам шундай хулоса ясашимиз мумкин.

- Таҳлил мутасаддиларга ўз вақтида етказилган, - дейди Барчиной Аҳмедова. - 2016 йил давомида салбий ҳолатларни бартараф этишга қаратилган амалий ишлар ва тарғибот режали равишда олиб борилмоқда. Натижалар эса ёмон эмас. Яқинда янги 2017 йил учун асқотадиган якунланаётган йилнинг бирламчи касалланиш даражасини акс эттирувчи таҳлилга киришамиз.

Филиалда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасидаги тарғибот тадбирларининг миқёси йил давомида кенгайиб борди, анжуманлар изчиллигига эришиб келинди. Поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларида, шу билан бир вақтда маҳаллалар, мактаблар, коллеж ва лицейлар, олийгоҳларда учрашувлар, давра суҳбатлари, савол-жавоб тадбирлари уюштирилди. Турли касалликларнинг олдини олиш тавсиялари мужассамланган маърузалар ўқилди.

Ана, "Саломатлик ҳафталиги" муносабати бир гуруҳ врачу ҳамширалар Попга йўл олишмоқда, иккинчи гуруҳ эса Учқўр­ғонга. Шифокорларга узоқ-яқинлиги эмас, тадбирларнинг долзарблиги, профилактика тарғиботининг зарурлиги муҳим. Улар қуруқ кетишмаяпти. Сумкалари буклетлар, тавсияномалар, ҳатто диск­лар, слайдларгача тўла.Туманга етиб боришгач, ўша ердаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишади. Эртадан кечга қадар тадбирлар-тадбирларга уланаверади. Бу борада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўлимининг Отабек Раҳимов, Дилдора Маматхонова, Моҳпора Ҳабибуллаева каби тиббий тар­ғибот жонкуярлари йил давомида ҳар жойда ҳозиру нозир бўлиб келишди, десак сира муболаға бўлмайди.

Ана, филиал ходимлари папкаларига турли мавзулардаги мақола матнларини, ёнларидаги флешкаларга компьютерда терилган вариантини олишиб, газеталарнинг таҳририятларига ошиқишмоқда. Яна кимдир Наманган телерадиокомпаниясининг "Шифокор маслаҳати" кўрсатувида чиқиш учун шошиляпти. У ёлғиз эмас, ёнидаги шериги вилоят радиосига интервью бермоқчи. Албатта, тиббий тарғиботчилар сизга нотаниш деёлмаймиз. Мақолаларини ўқигансиз, чиқишларини телеэкранда кўргансиз, овозларини радиодан диққат билан тинглагансиз. Маслаҳатларидан мароқ туйгансиз. Саломатлигингизни сақлашингизда тавсиялари асқотган ҳам. Улар Анвархон Алихонов, Муборак Алишерова, Муҳаббат Дадабоева ва Лолахон Улуғбоевага ўхшаган бўлим мудирларидир.

Мақсадларининг муштараклиги ҳамкорларни кўпайтиришни, биргаликда уюшқоқлик билан ҳаракатланишни тақазо этишини барчалари аввалдан жуда яхши билишади. Институтнинг вилоят филиалига вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Соғлом авлод учун" жам­ғармаси, Ўзбекистон "Қизил ярим ой" жамияти вилоят бўлимлари доимий ҳамкорлар саналишади. Тиббиётчи тарғиботчилар улардан кўмак олишади, ўз навбатида уларга кўмак беришади.

- Биргина оналик ва болаликни муҳофаза этиш бўйича 2016 йилда вилоят телевидениесида 20 дан зиёд кўрсатув, радио орқали 200 марта эшиттириш уюштирилди, - дейди филиал директори Улуғбек Ботиров. - Газеталарда мутахассисларимиз томонидан ёритилган мақолалар 100га яқинлашди. Буларнинг барчаси ибратли ишларимизнинг оммавийлиги ва таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилди. Бизга Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти доимо услубий ёрдамини аямайди. Институт раҳбари Зулхумор Муталованинг Наманган вилоят филиалига эътиборли эканликлари ишимиз ривожида муҳим омил бўлмоқда.

- Филиалимиз жамоаси ўртасида маънавий-маърифий ишларни жонлаштиришда меҳнат фахрийси, врач Муҳаббат Дадабоеванинг изланишлари алоҳида диққатга сазовор, - дейди директор ўринбосари Набижон Тошбоев. -Мамлакатимиз ҳаётидаги бирор муҳим воқеа ёки ҳодиса йўқки, ўз вақтида ходимларимиз воқиф этилмаган бўлсин. Ҳамкасбларни ҳафтада бир марта "Маънавият соати"га тўплаймиз. Қолган пайтлар эса кутубхоначи Мавлудахон Эргашевага мурожаат этишади. Мўъжаз зиёхонада турли-туман китоблар, газета-журналлар муҳайё. Матбуот нашрларининг янги сонлари келиши билан алоҳида-алоҳида тахламларга тикиб қўйилади.

Хуллас, Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган вилоят филиалининг аҳил жамоаси ўн беш йиллик қутлуғ айёмини тарғиботчи муассаса номига муносиб ҳолда зиммасидаги вазифаларни ҳар вақт юксак масъулият ҳисси билан давр талабларига мос равишда бажариб, ёруғ юзу кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқда.

Содиқ САЙҲУН.