Тадбир аввалида туман ҳокими Б. Юсупов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи в.б. майор И. Қўчқаров туман иқтисодиёт объектлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда фермер хўжаликлари вакилларига ўқув машқи долзарблиги ва муҳимлиги тўғрисида маърузалар қилди. Сўнгра вилоят ФВБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник И. Ибрагимов ўқув машқи доирасидаги амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида тушунтирди.

Шундан сўнг туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳида туман тиббиёт бирлашмаси негизида ташкил этилган биринчи тиббий ёрдам отряди шахсий таркибини дала шароитида фаолият кўрсатиши тартиби ҳамда туман механизациялашган йиғма отрядининг саф кўриги ўтказилди.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудида табиий хусусиятдаги фавқулодда вазиятлардан - зилзила содир бўлганда кўплаб жароҳат олганларни қабул қилиш ва саралаш майдончаси ташкил этилиб, шартли равишда 200 нафарга яқин жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари "Истиқлол" тантаналар мажмуасида, туман "Деҳқон бозори"да, Косонсой "Пахта толаси" АЖ ва бир қатор иқтисодиёт обектларида тактик ўқув машқлари, Косонсой педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежи, 7-умумий таълим мактаби ва 21-сонли мактабгача таълим муассасасида "Фуқаро муҳофазаси куни" тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўқув машқи якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда туман тиббиёт бирлашмаси ходимларининг режали саъй-ҳаракатлари ва фаол иштироки эътироф этилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимларининг тезкор фаолияти юқори баҳоланди.

Орифжон ЖЎРАБОЕВ,

ВССБ ҲСБ ФМТХ бош мутахассиси.