Бугун биз ғоят муҳим сиёсий кампаниянинг якунловчи босқичи арафасида турибмиз. 4 декабрь-якшанба куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Унда барча сайловчилар фаол қатнашишлари керак, албатта. Энг муҳими, сайлов амалдаги қонунлар ва тартиб-қоидаларга мувофиқ ўтказилиши шарт. Шуни ҳисобга олиб, яна бир бор қуйидагиларни унутмаслигингиз лозим:

- Аввало, сайлов кунига қадар 18 ёшга тўлганлар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган шу мамлакат фуқаролари сайловчи ҳисобланадилар.

- "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунга кўра ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Бундан кўринадики, сайлов ёшидаги фуқаро фақат ўз номидангина овоз беришда қатнашиши зарур. Шундай экан, Сиз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб номзодга бир ўзингиз номингиздангина овоз беришда иштирок этинг. 4 декабрь куни барча оила аъзоларингиз номидан бир киши томонидан сайлашга, яъни овоз беришга йўл қўйманг.

- Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга эмас сайловчилар олдинроқ овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.

Тегишли участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг талабига кўра белгиланган шаклдаги, президентликка номзодлар тўғрисида тегишли маълумотлар қайд этилган сайлов варақаларини беради. Сайловчилар тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссияси аъзоларидан бирида қолдиришлари мумкин.

Саломатлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар участка сайлов комиссиясига тегишли илтимос билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Бу комиссия овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этиши шарт.

Қалбида Ватан туйғуси жўш урган инсон борки, ўз ҳаётини мамлакат ва эл-юрт ҳаётидан ажралган ҳолда тасаввур этолмайди. Юртпарвар инсоннинг ҳар бир куни эл-юрт тақдири, ўзи туғилиб-ўсган Ватаннинг бугуни ва эртанги куни билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Биз келажак сари қандай одимлаб боряпмиз, юрт равнақидаги иштирокимиз нималардан иборат? Бу каби тушунчалар ва саволлар ифодаси ҳар биримизнинг сайловда фаол қатнашишимизда яққол намоён бўлади.