Анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулходи Иминов олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи сайлов комиссияси аъзоси Муҳаммаджон Отахонов вилоятимизда мазкур сиёсий тадбирга тайёргарликнинг бориши ҳақида маъруза қилди. Жумладан, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 690 та сайлов участ­каси тузилган. Уларда сайловолди ишлари Марказий сайлов комиссияси тавсиялари асосида олиб борилмоқда. Шуниси аҳамиятлики, муҳим сиёсий тадбирга ҳозирлик жараёнида аҳоли, биринчи марта овоз берадиган ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жойларда турли семинар-тренинглар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Бугунги анжуман ҳам ана шу йўналишдаги фао­лиятнинг узвий давомидир.

Нотиқ "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизнинг миллий сайлов тизими ҳақида батафсил тўхталди. Фуқароларнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини мухтасар тушунтирди. Участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш масалаларига диққат-эътиборни қаратди. Бу ўринда сайлов участкаларида ташкил этиладиган тиббий хизматнинг муҳим жиҳатлари ҳақида ҳам фикр юритди.

Шу куни семинар иштирокчилари Наманган муҳандислик-педагогика институтининг Дўстлик шоҳ кўчасидаги ётоқхонасида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 33-сайлов участкасини кўздан кечиришди. Мазкур даргоҳда сайловчилар учун яратилаётган шароитлар билан танишилди. Участка сайлов комиссияси раиси Бунёд Абдулҳафизов сайлов участкасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Таъкидланишича, ҳудудда истиқомат қилувчи сайловчиларнинг ўз ҳоҳиш-иродаларини эмин-эркин ифодалашлари учун барча имкониятлар муҳайё. Сайловчилар рўйхати тўла шакллантирилган. Овоз бериш кабиналари тайёрлаб қўйилган. Тиббиёт хонаси зарур жиҳозлар ва рўйхатдаги дори-дармонлар билан таъминланган. Тиббий постда навбатчилик изчил йўлга қўйилган.

- Бугунги анжумандан жуда катта таассурот олдик, - дейди Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Абдурасул Икромиддинов. - Маърузада бўлажак сайловга тайёргарлик ва уни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари юзасидан тушунчамиз бойиган бўлса, 33-сайлов участкаси фаолияти билан тинишиш жараёнида эса тиббий хизматни ташкиллаш борасидаги тасаввурларимизни янада мустаҳкамлаб олдик.

Тадбир қатнашчилари сайлов қонунчилигига доир ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоблар олдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.