Қонун устуворлиги-ҳуқуқий давлатнинг асосий тамойилига айланган. Барча соҳаларда тараққиёт таъминланяпти. Чунки, эзгу мақсадларга интилаётган ўзбек халқининг ҳуқуқлари тўла кафолатланган истиқлолли юртимиз истиқболи порлоқ мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олишга мушарраф бўлди. Боиси, 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган Конституциямизда Ватанимизнинг демократик тараққиётини таъминлаш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий принциплари аниқ белгилаб берилган. Бош қонунимизда ўз ифодасини тўлақонли топган ҳуқуқларимиздан фойдаланяпмиз, бурчимизни аъло даражада бажариш масъулиятини чуқур ҳис этиб яшамоқдамиз.

Қутлуғ байрам арафасида йигирма тўрт йил муқаддам қабул қилинган ва кейинги йилларда бир қатор ўзгариш ва қўшимча ва тузатишлар киритилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига назар ташлаш ғоят мароқлидир. Муқаддима ва олти бўлимдан иборат Конституциямиз XXVI боб, 128 та моддадан ташкил топган. Белгилаб қўйилган тартиб-қоидалар барчага бирдай дахлдор ва тааллуқли. Чунончи, 40-моддада: "Ҳар бир фуқаро малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга" дейилишининг ўзиёқ бизларнинг саломатлигимизни сақлаш давлат томонидан кафолатланганлиги далилидир.

Сайлов тизими тўғрисидаги ҳуқуқий асослар Бош қонунимизнинг ХХIII бобида ўзининг аниқ ифодасини топган. Ҳар бир фуқаро бу борада ҳам теппа-тенг ҳуқуқларга эга. Демократик жамиятнинг фаол аъзоси бўлиш учун эса Конституциянинг барча моддаларини ўқиб-ўрганмоғимиз шарт. Зеро, ҳар қандай қонуннинг қадр-қиммати одамларнинг унга амал қилиш даражаси билан ўлчанаверади. Қонунга амал қилиш эса, аввало, уни яхши билиб олишни тақазо этаверади.

Бир нарсани ҳеч унутмаслигимиз лозимки, Конституциямизда бугунги фуқаролар эскича қарашларидан воз кечиб, тамоман янгича тасаввурларга эга бўлишини таъминлайдиган талай моддалар мавжудки, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етмаслик амалда замондан орқада қолиш, шу жамият вакили бўла туриб, ундан узилиб яшаш, деган гап. Демак, Конституцияни барчамиз моддама-модда ўрганиб, ўзлаштириб, яхши билиб олмоғимиз шу Ватанга фидойи фарзандлик бурчимиз ҳисобланишини ҳеч биримиз ҳеч қачон унутмаслигимиз шарт. Бош қонунимиз ҳамиша истиқлолли Ўзбекистон халқининг истиқболли ва чин иқболли йўлини йўлчи юлдуздек ёритиб тураверади.