Мазкур қарорнинг ҳар бир қисми ва бандларида инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари устувор ҳолатда кўзга ташланади. Бундан кўплаб оилаларга қувонч келади, айни пайтда жамият ривожига озодликка чиққанларнинг фаол ҳисса қўшишига, эндиликда тўғри йўлдан бориб, ҳалол хизмат қилишларига тўла имконият ва шароитлар яратиб берилади.
Фуқаронинг соғлиги бизнинг мамлакатимизда биринчи даражали вазифалар сирасига киради, албатта. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарорига мувофиқ қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 450-сонли буйруғи биз учун айни маҳалда асосий дастуриламалдир. Буйруққа асосан, бошқармамизда алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда тегишли даволаш-профилактика муассасаларига ижро учун етказилди.
Наманган шаҳар ва барча туман тиббиёт бирлашмаларига, вилоят даволаш-профилактика муассасалари, шунингдек, бошқарманинг ўзидан бош мутахассислар амалий ёрдам учун бириктириб қўйилди. Улар тиббий кўрикни ташкил этиш учун бевосита мутасаддилик масъулиятини зиммаларига олишган.
Жазони ўташ жойларидан Амнистия бўйича озод этилган шахсларга вилоят ва туманлардаги силга қарши кураш диспансерлари, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери, вилоят эндокринология диспансери, вилоят кардиология диспансери, вилоят наркология диспансери, вилоят асаб-руҳий касалликлари шифохонаси, вилоят онкология диспансери ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида даволанишлари учун заҳира ўрин-жойлар ажратиб қўйилган. Улар билан муолажалар ўтказиш учун эса дори-дармон заҳиралари ҳам яратилган.
Айниқса, фаол сил касалликларини даволаш учун вилоят ва барча туман силга қарши кураш диспансерларида жами 70 ўрин жой мавжуд. Нофаол сил касалликлари аниқланганларга эса, "Пахталикўл" сиҳатгоҳида 10 та заҳира ўрин ажратиб берилган. Жазони ўташ жойларидан Амнистия бўйича озод этилган шахслар ичида сил касаллигига чалинганлар юқоридаги муассаларида ДОТС дастури асосида даволанадилар.
Шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмаларида, жойлардаги ички ишлар бўлимларидан амнистия туфайли озод этилган шахсларнинг рўйхатлари олинган, уларнинг оила аъзоларини ҳудудий поликлиникаларга таклиф этиб, юқори малакали мутахассислардан иборат тиббий комиссия чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Улар рентген, ЭКГ, Вассерман реакцияси, ВИЧ (ОИТС) ҳамда клиник-биохимик лаборатор текширувларидан ўтказиляпти, сўнгра аниқланган касалликлари бўйича тегишли даволаш-профилактика муассасаларида соғломлаштирилади, диспансер назоратига олинади ва агар лозим бўлса стационар даволаш амалга оширилади.
Инсонпарварлик тамойиллари устувор юртимизда уларга нисбатан алоҳида тиббий ғамхўрлик изчил кўрсатилаверади. Бу борадаги вазифалар тўла-тўкис бажарилиши учун шифокорларимиз бутун билим ва малакаларини ҳеч аямай сарфлайверадилар.
Дилшод Ҳошимов,
ВССБ бош мутахассиси.