Яқинда Наманган шаҳрида амалга оширилган тиббий тадбир бу соҳада қўйилган муҳим қадам бўлди. 9 та оилавий поликлиникада туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш бўйича иш олиб борилди.

Саломатлик ҳафталигида Республика Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази акушер-гинекологи, профессор Усмон Юсупов, акушер-гинекологи Насиба Нигматжонова, Тошкент педиатрия тиббиёт институти врач педиатри Муяссар Ғуломова, Тошкент шаҳар Олмазор тумани оила полик­линикаси акушер-гинекологи Муяссар Маматкаримовалар вилоятимиздаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказишди.

- Ҳафталик вилоятимиз маркази аҳолиси репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш имконини берди. 3 минг нафардан зиёд аёллар, кўплаб ўсмир қизлар ва болаларнинг саломатлиги текширилди. Малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш юзасидан маслаҳатлар берилди, - дейди ВҲССБ бош акушер-гинекологи Феруза Турсунова.

Тадбир давомида аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга ҳам аҳамият берилди. "Репродуктив саломатлик тамойиллари", "Соғ­лом она-соғлом бола тушунчаси", "Соғлом оилани шакллантириш масалалари ва замонавий контрацепция усуллари" мавзуларидаги мулоқотлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.