- Ҳафталик бошланиши олдидан йиғилиш чақирилиб, тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиника, барча ҚВПлар раҳбарларига, ҳафталик вазифалари тушунтирилди. Тиббий кўрикка келган ота-оналар, болалар учун қулай шароитлар яратишга ҳаракат қилдик, - дейди Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Ғанишер Холбоев.
Дарҳақиқат, ҳафталик давомида вилоятимизда "А" сапламентациясининг XXVII турини 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болалар орасида ҳамда "Верморекс" (мебендазол) дори воситаси билан дегельминтациясининг 1-турини мактабгача ёшдаги, биринчи навбатда уюшган, хавфли гуруҳга мансуб оилалардаги ва мактаб ёшидаги болалар ўртасида ўтказилиши режалаштирилганди. Амалда бунга тўла эришилди.
Биз туман тиббиёт бирлашмасининг марказий поликлиникасидамиз. Ҳар бир хона эшиги олди ота-оналару болалар билан гавжум. Поликлиника бўлими мудираси Назира Акбаровани суҳбатга чорладик.
- Ҳозирги кунда 0-14 ёшгача 7 минг нафардан зиёд бола ҳисобимизда туради. Улар билан 7 нафар педиатр, 16 нафар патронаж ҳамшираларимиз иш олиб боришади. Ҳафталик моҳияти аҳолига кенг тарғиб қилинди. Келажигимиз ворисларининг соғлиги ҳақида кўрсатилаётган ғамхўрликлар халқимизни ғоят хурсанд қилмоқда, - дейди мудира мамнуният билан.
- Ўғлим Муҳаммадшоҳ Султонбоев рентген текширувидан ўтказилди. Маҳалламиз педиатри Соҳиба Холиқованинг айтишича, бу тиббий аппарат янги келтирилган экан. Икки яшар боланинг қаерида касали борлиги замонавий тиббий аппарат воситасида бир зумдаёқ аниқланди. Рентгенолог Абдуваҳоб Абдулҳақов ва лаборант Отабек Мақсудовларга катта раҳмат, - дейди ёш она Мавлуда Рустамова.
УТТ мутахассиси Абдурашид Мавлоновнинг, олий тоифали педиатр Жононхон Фозилованинг қабулига келганлар ҳам ғоят фойдали маслаҳатлар олишди.
"Болалар саломатлиги ҳафталиги" Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳам уюшқоқлик билан ташкилланди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, РШТЁИМ вилоят филиали, РИА ва ГИАТМ Наманган филиали, вилоят эндокринология, силга қарши кураш, онкология, наркология диспансерлари, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва бошқа тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари қабул уюштирдилар.
М. РУСТАМОВ.