Гулобод МФЙда яшовчи 87 ёшли Исмоил ота Қирғизов ва 83 ёшли Маъсудахон она Хожиева хонадонига тегара бош врачи Зебохон Хомидова бошчилигида худуднинг олий тоифали терапевти Шокирахон Ҳусанова, олий ва биринчи тоифали ҳамширалари Гулчеҳра Мўйдинова билан Зилола Ғайбуллаева кириб борганда кексаларнинг қувончдан кўзлари ёшланди. Шифокорлар дарҳол ишга киришиб қарияларнинг қон босими ва юрак уришларини тиббий текширувдан ўтказишди. Дори-дармонлар ёзиб, керакли тавсиялар бердилар.

- Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлишсин. Биз нуронийларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан беҳад миннатдормиз, - дея отахон дуога қўл очдилар.

Биз бош фельдшер Муҳиддин Исмоилов билан Чўлпонов номли ҚВПсида 3 нафар умумий амалиёт шифокори, акушер-гинеколог ва стоматолог, 17 нафар патронаж ҳамшираларнинг барчаси мудир Одилжон Домлажонов раҳбарлигида тадбирни намунали ўтказишга сафрбар этилганига гувоҳ бўлдик. Катта ҳамшира Гулнора Атахўжаева, патронаж ҳамширалари Дилафрўз Дадабоева, Наргиза Сиддиқовалар фаол саъй-ҳаракатлари билан маҳалладошлар олқишига сазовор бўлишяпти.

"Патронаж ойлиги"да "Она ва бола скрининги" маркази шифокору мутахассислари туманимиз саломатлик посбонларига яқиндан ёрдам беришмоқда. Замонавий тиббий аппаратлар воситасида ўсмир қизлар, бўлажак оналар соғлиги текширувдан ўтказилиб, қимматли маслаҳатлар бериляпти. Тегара врачимиз Роҳатой Муҳаммадиева, ҳамшираларимиз Муҳайё Собиржонова, Гулнора Луқмонова сингари фаол ходимларимиз ойликни муваффақиятли ўтишида жонбозлик кўрсатишмоқда, - дейди туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудираси Муяссархон Каримова.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.