Дарҳақиқат, инсон ҳаётида турли воқеа ёки ҳодисалар рўй бериши мумкин. Баъзан туғма, баъзида орттирилган хасталик сабаб ногиронлик гуруҳи белгиланади. Уларга хизмат кўрсатиш юксак масъулият талаб этади, албатта. Чунки бундайлар бошқаларга қараганда кўпроқ меҳрга муҳтож бўлишади. Айнан, ана шундайларнинг ўксик кўнглини кўтариш, хаста дилларига малҳам бўлиш марказ ходимларининг эзгу вазифалари хисобланади.
- Беморларни шаҳар ва туманлар ТМЭК йўлланмаси асосида қабул қиламиз,- дейди муассаса бош врачи Бахтиёр Ёқубов. - Улар саломатлигини қайта тиклаш учун биокимёвий таҳлил хоналари, УТТ диагностикаси, ЭКГ аппаратлари, физиотерапия ва спорт-соғломлаштириш анжомлари мавжуд бўлиб, мутахассислар беморларни қайта тиббий кўрикдан ўтказадилар ва муолажалар тавсия қиладилар. Шунингдек, саломатлиги тиклангач, дарддан тўла фориғ бўлган шахсларга ногиронлик гуруҳининг сафини тарк этишга фаол кўмаклашадилар.
Бу ердаги неврология, кардиология ва терапия бўлимларида болаликдан ҳаракат-таянч аъзо ва бошқа касалликлари билан оғриган ногиронлар ҳам даволанади.
- Фарзандим Назира сурункали миелолит ҳасталиги билан оғрийди. Шунинг учун марказга тез-тез келиб, даволаниб туради, - дейди Насибахон ая Носирова. - Шароитлари жуда ҳам яхши. Иссиқ, ёруғ ва шинам хоналарга, айниқса витаминларга бой таомларига гап йўқ. Физиотерапия муолажалари, спорт-соғломлаштириш машқлари қизимни соғайишига ишонч ва умидини янада кучайтирмоқда. Ўксик қалблардан меҳрини аямаган тиббиёт ходимларига, шундай яхши шароит яратиб берган давлатимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман...
Назира Абдуллаева, Камолхон Юсупов, Гулҳаё Абдукаримова, Зулфия Юнусова сингари даволанувчилар билан суҳбатлашганимизда ҳам улар меҳридарё жамоадан миннатдор эканликларини изҳорлашди. Энг муҳими эса юқори малакали ва беминнат тиббий хизмат самараси ўлароқ ногиронларнинг аксарияти соғломлаштирилмоқда.
Манзура ЭРГАШЕВА.