Истиқлол йилларида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими беқиёс даражада тараққий этди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакаси сезиларли равишда яхшиланди. Буни Наманган мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров байрам иштирокчиларини қутлар экан, кўп йиллик самарали хизматлари билан соҳа равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшган фидойи тиббиёт ходимлари номини алоҳида зикр этди.
Вилоятимиз раҳбари соҳада кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, айниқса, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда бошқа йўналишлардаги фаолиятни кучайтириш билан боғлиқ вазифаларга эътиборни қаратди. Бир гуруҳ тиббиёт фаолларига вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаларини топширди.
Байрам тадбирида эл саломатлигини мустаҳкамлашда юқори натижаларга эришаётган тиббиёт муассасалари, ҳамкасбларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган врачлар, ҳамширалар ва бошқа ходимлар ўртасида ўтказилган қатор танловларнинг якунлари эълон қилинди. Жумладан, Косонсой туманидаги "Чўнгбош" қишлоқ врачлик пункти "Йилнинг энг намунали қишлоқ врачлик пункти", Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлими " Йилнинг энг намунали тез ёрдам бўлими", Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими "Йилнинг энг намунали оналик ва болаликни муҳофазалаш муассасаси", вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази "Йилнинг энг намунали шифохонаси", "Сайдана" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона "Йилнинг энг намунали нодавлат тиббиёт муассасаси" деб, эътироф этилди.
Шунингдек, 15 дан ортиқ мутахассисликлар номинациялари бўйича ғолиблар номи аниқланиб, уларга тегишли ёрлиқли стаутеткалар ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Юртдошларимизга намунали тиббий хизмат кўрсатишда пешқадамлик қилаётган бир гуруҳ фидойилар ҳам рағбатлантирилди. (Улар билан газетамизнинг келгуси сонида танишасиз).
Тадбир чоғида "Тиб илмининг султони", буюк бобоколонимиз Абу Али ибн Синонинг жаҳон тиббиёти юксалишига қўшган улкан ҳиссаси эсланди."Тараққиёт йўлидан" номли видеороликда эса Ибн Сино издошлари бўлган вилоятимиз тиббиётчиларининг изланишлари, тизим муассасалари моддий-техник имкониятларини юксалтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ифодаланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходими Баҳром Очилов ва бошқалар ҳам сўз олиб, тантана қатнашчиларини анъанавий касб байрами билан қутладилар. Эришилган натижаларни мустаҳкамлаш билан бирга фаолият самарадорлигини ошириш учун янада ҳамжиҳат ва фидойилик намуналарини кўрсатишга ундадилар.
- Байрам юксак даражада ташкилланибди, - дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази урология ва ўсмир қизлар гинекологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов. - Вилоят тиббиётини юксалтиришга хизмати сингган марҳумларнинг номи ёдга олингани ва айни пайтда кексалик гаштини сураётган устозларимиз эъзозланганидан ғоят таъсирландик.
Пойтахтдан ташриф буюрган "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси таниқли хонандалари ижросидаги тароналар даврага файз бағишлади.
Абдулла ҒОЗИЕВ.