- Ҳақ гапни айтдингиз. Ўзбекистонимизда истиқлол йилларидаги беқиёс ўзгаришлар тиббиёт соҳасида яққол намоён бўлмоқда. Аслида бирор оила йўқки, тиббиёт хизматга эҳтиёж сезмаган. Ҳамма учун керакли касб эгалари - шифокорларга яратилган шароитлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар бевосита халқ манфаатига йўналтирилган ислоҳотларнинг энг муҳимлари сирасига киради. Давлат инвестиция дастури доирасидаги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлашдан тортиб, тармоқ ходимларига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришгача эзгу ниятлар рўёбини таъминлашга олиб боради, албатта. Йилдан-йилга бу борадаги ўзгаришлар самарадорлиги ортмоқда. 2016 йилдагиларнинг ўзиёқ фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2016 йил 10 сентябрда "Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада оптималлаштириш ва соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 292- сонли қарор қабул қилди. Бу муҳим ҳужжат аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини янада ошириш, мавжуд қувватлар ва ўрин фондларидан оқилона фойдаланишни таъминлаган ҳолда тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада оптималлаштириш, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, тиббий ижтимоий муассасаларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда бажараётган вазифасининг мураккаблиги-ю, юкламаси даражасига боғлиқ равишда тиббиёт ходимларини айрим тоифалари меҳнатини рағбатлантиришни кучайтиришга олиб келади.
Бу борада вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 400-сонли буйруғи асосида иш юритилмоқда. Чунончи, туман "Саломатлик марказлари"нинг аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва оилада тиббий маданиятни ошириш функцияларини бажарувчи ходимларини тегишли туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникаси тасарруфига таркибий бўлим сифатида штат бирликлари билан ўтказиб берилмоқда.
Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси юридик мақоми бекор қилиниб, маъмурият ходимлари штат бирликлари қисқартирилган ҳолда шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфига ўтказиш йўли билан ташкил қилинмоқда.
Собиқ вилоят талаба ва ўсмирлар ҳамда вилоят врачлик-жисмоний тарбия диспансерлари вазифалари зарур штат бирликлари сақлаб қолингани ҳолда таркибий тузилма сифатида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига бирлаштириш орқали қайта ташкил қилинмоқда. Бу ерда чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими очилмоқда.
"Чортоқ" ва "Бешкапа" сиҳатгоҳлари мақоми бекор қилиниб, вилоят ихтисослаштирилган сиҳатгоҳларга айлантирилмоқда.
- Маълумки, жорий йилнинг бошида Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Бизнингча, бу Қонун фақат фармацевтика саноати ходимларига, дори-дармонлар сотуви билан шуғулланадиган ташкилот ва муассасалар мутасаддиларигагина эмас, энг муҳими ўша маҳсулотларни беморларга буюрувчи, тавсия қилувчи шифокорларга ҳам ғоят катта масъулият юклайди. Бу борада қандай чора-тадбирлар қўлланилмоқда?
- Бугун мамнуният билан таъкидлашимиз мумкинки, мамлакатимиз фармацевтика корхоналарида тайёрланаётган дори воситалари ҳеч бир хорижникидан қолишмайди. Яна арзонлигиям халқимизга маъқул. Энди врачларимиз беморларни даволашда аввало ўзимизнинг дори-дармонларимиздан фойдаланишлари муҳимлигини унутмасликлари шарт. Бу тўрт томонлама манфаатли аслида. Яъни бемор, дорихона ходимлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва ниҳоят давлатимиз хазинаси учун. Агар ўзимизда бўлмасагина, хорижникини тавсия этишга одатлансак, халқ ва Ватан учун виждонан жон куйдирган бўламиз. Шу боис мазкур масала республика миқёсида ижобий ечим топиши учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан зарур асосли ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Вазирнинг 2016 йил 25 августдаги "Даволаш-профилактика муассасалари дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори-воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек, дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида"ги 2010 йил 18 июндаги 191-сонли буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 62-сонли буйруғи барча даволаш-профилактика муассасаларига етказилди. Тармоқ газетаси "Шифокор ва ҳаёт"нинг 20-сонида чоп этилди. Эндиликда тўла Низом асосида иш юритилишини қатъий талаб этяпмиз ҳамда доимий назоратга олганмиз.
Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 31 октябрда қабул қилган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги янги қарори аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланиш даражасини янада оширади. Энди бундан буён мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташҳис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этишдек номақбул амалиётнинг олдини олиш учун зарур чора- тадбирлар қўлланилади.
- Тиббиёт тўхтовсиз тараққиётдаги тармоқ. Унинг заҳматкашлари тўплаган тажрибалару, яратилаётган ва жорий этилаётган янгиликларни касбдошлар ўртасида оммалаштириб бориш шу жиҳатдан ғоят аҳамиятли. Икки йил аввал бошланган "Маҳорат дарслари" ҳануз давомли экани бежиз эмас.
- Тўғри айтасиз. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб, бизларга амалий ёрдам бериб келмоқда. Чунки, пойтахтдаги тиббиёт муассасалари пешқадам олим-шифокорларининг юксак билим ва мукаммал малака салоҳиятидан вилоят, шаҳар ҳамда туманларда фаолият кўрсатаётган врачларни баҳраманд қилиш беморларга ташхис қўйиш ҳамда уларни даволашда юқори самарага эришишни таъминловчи энг зарур кўмакчи омиллардан бири ҳисобланади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалида РШТЁИМ травматология бўлими мудири тиббиёт фанлари доктори Тоҳир Мусаев, вилоят кардиология марказида В.Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг бўлим раҳбарлари, профессорлар Миржалол Зуфаров, Аброр Мансуров, Ҳакимжон Абролов, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий- амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида марказнинг гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди А. Шамиров, вилоят онкология диспансерида Республика онкология илмий-амалий маркази онкология бўлими раҳбари, профессор Наргиза Йўлдошева, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида республика бош терапевти, профессор Анис Аляви, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида Республика вирусология илмий-текшириш институти ходими, тиббиёт фанлари доктори Муаззам Абдуқодирова ва бошқа кўплаб устозларнинг сабоқлари наманганлик ҳамкасблари малакаларини янада оширишга олиб келди. Худди шундай. "Маҳорат дарслари"ни вилоят мутахассислари барча туманларда ўтказишмоқда.
- "Соғлом она ва бола" йили давомида "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги ишларнинг изчил ва фаол ташкилланиши ҳам эл саломатлигини муҳофаза қилишнинг ўзига хос одатий тадбири тусига айланди. Бундан айниқса вилоятимизнинг чекка-чекка қишлоқларида яшовчилар жуда-жуда хурсанд.
- Албатта, шундай бўлади-да. Ахир Республикамиз пойтахтидан ташриф буюришган энг нуфузли тиббиёт марказлари, даволаш муассасалари ходимлардан иборат гуруҳи вилоятимиз шифокорлари билан ҳамкорликда туман марказий поликлиникаларида, қишлоқ врачлик пунктларида, Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникаларда беморларни қабул қилишмоқда. Чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказишмоқда. Энг фойдалиси, Тошкентга бориб, етук мутахассислар текширувидан ўтказиш зарурати туғилаётган беморларнинг узоғи яқин бўлмоқда. Бошқача айтганда, оммавий тадбирга айланиб бораётган тиббий кўриклар чоғида бемор врачнинг эмас, врач беморнинг олдига келаётир.
Яна бир янгилик шуки, "Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда" шиори остидаги навбатдаги акцияда Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти ҳамда Биринчи Тошкент тиббиёт академияси мутахассислари бир ҳафта давомида вилоятимизда бўлишиб, фақат тиббий кўрик эмас, 40 дан зиёд даволаш амалиётлари ҳам ўтказиб бердилар.
Бу инсонпарварлик тамойили устувор мамлакатимизда халқ саломатлигини сақлашга беқиёс эътибор берилаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Тўла ишонч билан айта оламанки, эзгу мақсад йўлидаги тиббий ислоҳий ишлар бундан буён ҳам янада кенг қамровли тарзда давом этаверади. Зеро, эл соғлиги-юрт бойлигидир.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.