Йиғилишда вилоят ҳокимининг 2016 йил 18 августдаги “Наманган вилоятида 2017 йил учун марказий ва маҳаллий матбуот нашрларига обунани уюшқоқлик билан ўтказиш ҳақида” 214-ф сонли фармойиши ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар хусусида фикрлашиб олинди. “Шифокор ва ҳаёт ” газетаси муҳарири Абдулла Ғозиев, “Дунё ва давр” газетаси муҳаррири Раҳимжон Ирисов, бошқарма бош ҳамишираси Райҳона Мансуровалар кундалик ҳаётимизда даврий нашрларнинг тутган ўрни беқиёслигини таъкидлаб, республика ва маҳаллий газеталар ҳамда журналларга обуна мавсуми қизғин паллага кирганлиги, уни юқори самарадорлик билан якунлаш омиллари ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Қайд этилишича, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида республика ва маҳаллий нашрларга обуна ташкил этиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Чортоқ” болалар сиҳатгоҳи, вилоят эндокринология диспансери, вилоят онкология диспансери, вилоят болалар юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят болалар сил касалликларига қарши кураш санаторияси каби қатор даволаш-профилактика муассасаларида обуна расмийлаштириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Аммо, обуна тўплашда сусткаштликка йўл қўяётган баъзи шифохоналар, поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳам бор.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ноябрь - вилоятда “Обуна ойлиги” деб эълон қилинганлиги ҳам мазкур фаолиятга жалб этилганлар саъй-ҳаракатини янада кучайтиришни тақозо этади. Бунинг учун бошқарманинг чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Бинобарин, ишни тизимли олиб бориш учун шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасаларида “Обуна штаблари” тузилиши кўзда тутилган. Жараён натижалари кунма-кун таҳлил қилиниши лозим. Ходимлар ўртасида мамлакатимиз матбуот нашрларини тарғиб этиш мақсадида “Ижодий учрашувлар”, “Давра суҳбатлари” уюштириш мақсадга мувофиқдир. Ойлик давомида энг юқори натижага эришган тиббиёт масканлари таҳририятлар томонидан рағбатлантирилиши белгиланган.
Ўз мухбиримиз.