Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилган мазкур тиббий тадбир ўн кун давом этди ва вилоятимизнинг барча шаҳару туманлари аҳолисини қамраб олишга эришилди. Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти ҳамда Биринчи Тошкент тиббиёт академияси мутахассислари вилоятимизда бўлишди. Улар маҳаллий ҳамкасблари билан ҳамкорликда самарали иш олиб боришди.
Тадбирнинг очилиш маросими вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида кечди. Меҳмонлар марказ жамоаси ва вилоятимиз саломатлик посбонлари томонидан илиқ кутиб олинди. Мажлислар залида бўлган анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди.
Унинг таъкидлашича, истиқлол йилларида давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Диёримиз тиббиётида рўй берган буюк ўзгаришларни вилоятимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Соҳа моддий-техника базасини ривожлантишга эришилди, энг янги технологияларнинг қўлланилиши пировардида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланди, тиббиёт ходимларининг малакаси юксалди. Инвестиция дастури асосида олиб борилаётган қурилиш, бино ва иншоотларни таъмирлаш кўлами йил сайин ортмоқда. Жорий йилнинг ўзида эса бу миқдор икки баробар кўпайиб, 36 миллард сўмни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари малакасини замон талабидан келиб чиққан ҳолда ошириш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида қараляпти. Тошкентдаги йирик тиббиёт марказлари етакчи мутахассисларининг вилоятга келиб, олиб бораётган ишлари натижасида соҳа вакилларининг касбий маҳорати ўстириляпти.
Ўзбекистон Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирҳаким Азизов эса тиббий-ижтимоий тадбирнинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди. Пойтахтдан ташриф буюрган 16 нафар юқори маҳоратли мутахассис ўз соҳасининг энг билимдон ва малакали эгаларидир. Улар ўн кун давомида нафақат илмий маърузалар ва маслаҳат билан чиқадилар, балки ўз соҳаларига оид касалликларга дучор бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатадилар. Бир қанча операцияларни ўтказиш режалаштирилган.
Диёримизнинг кўзга кўринган олим шифокорлари зудлик билан ишга киришдилар. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига йиғилган наманганлик саломатлик посбонларига травматология ва ортопедия соҳасида эришилган ютуқлар, изланишлар натижасида тўпланган тажрибалар ва илмий тадқиқотлар самараларига оид ўнлаб маърузалар қилинди. Тиббиёт марказига туманлардан ва қўшни вилоятлардан умид билан дардига даво истаб келган ўнлаб беморларнинг саломатлиги текширувдан ўтказилди. Уларни соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Акция давомида меҳмонлар нафақт ВКТТМда, РШТЁИМ Наманган филиали, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа тиббиёт марказларида беморларга хизмат кўрсатишди. 50 дан зиёд мураккаб, яъни Тошкентда ёки хорижда бажарилиши мумкин бўлган жарроҳлик амалиётлари вилоят тиббиёт муассасаларида ўтказилди.
- Илгари бундай тиббий тадбирлар бўлганини эслай олмайман. Истиқлол шарофати билан эл бойлиги бўлган саломатликни мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қараляпти. Бунинг самараси одамларнинг умри узайиб бораётганида намоёндир, - дейди меҳнат фахрийси Бахтиёр Холматов.
Мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт марказлари олим шифокорлари Поп, Мингбулоқ, Учқўрғон, Норин, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманлари тиббиёт бирлашмаларида ҳам кенг қамровли тиббий кўриклар ташкил этишди. Болалар, оналар, кекса ёшдаги фуқаролар, ногиронлар алоҳида меҳр ва эътибор оғушида бўлишди.
- Аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликлар салмоғи ортаётганидан мамнунмиз,-дейди янгиқўрғонлик Гулнора Тўхтабоева. -Тиббиёт фанлари докторлари, профессорлар марказий шифохонамизга келиб кун бўйи қабул ўтказдилар. Мен ҳам бу имкониятдан баҳраманд бўлдим. Ўғлим Асадбекнининг саломатлигини малакали шифокорлар текшириб кўриб, зарур маслаҳатларни беришди.
Бинобарин, жорий йилдаги яна бир хайрли тадбир ниҳоясига етди. Минглаб юртдошларимизнинг узоғи яқин қилиниб, дарддан халос этиш чоралари изланди.Унда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ пойтахтлик шифокорларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси топширилди.