Буни биргина Наманган вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, соҳа вакиллари қанчалар илгарилаб кетганликлари кўзга ташланади. Собиқ тузум даврида ўзи тиккан кийим-кечаги ёки пойабзалини савдога чиқаришга ҳадиксираган ҳунармандлар айни пайтда тайёрлаётган маҳсулотларини нафақат ички бозорга туҳфа этишяпти, балки хорижга экспорт қилмоқдалар. Ҳудудда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити натижасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жабҳаларида нодавлат субъектларининг салмоғи кескин ортди. Буни, жумладан, айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг сони 15,5 мингтадан ортиб, улар ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб 80 фоизини ишлаб чиқараётганликларида яққол кўриш мумкин. Айни кўрсаткичлар замирида юртимизда тадбиркорлик соҳаси ривожи йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар, биринчи навбатда, ушбу йўналишда қабул қилинган Қонун ва қонуности ҳужжатлари, ҳуқуқий кафолатлар турганлигини сезиб олиш қийин эмас. Муҳим жиҳати, тадбиркорлик ҳимояси, уни ривожлантириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда матбуотда эълон қилинган "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу борада қўйилган яна бир дадил қадам бўлди. Унда белгиланган вазифалар, энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, пировардида, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Маълумки, хусусий тадбиркорлик эркин фаолиятга асосланган тизим сифатида жадал ривож топади. Шундан келиб чиқиб, бу фаолиятни кафолотли ҳимоя қилишга ҳамиша энг муҳим вазифа сифатида эътибор қаратиб келиняпти. Бу, жумладан, янги Фармонда ҳам ўз аксини топган. Унда қайд этилганидек, "кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик"ни устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди. Дарҳақиқат, ҳар қандай текширув ёки фаолиятга аралашув аниқ мақсадни кўзлаб иш олиб бораётган табиркорнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, унинг шижоатини сўндиради, бу билан олдинда турган режалар ижросига путур етади.
Энди бундай ҳолатлар рўй беришига асло йўл қўйилмайди. Чунки, Фармонда кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймасликнинг мустаҳкам кафолотини яратади. Фармонда таъкидланганидек, эндиликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги илгари кўрилмаган чоралар жорий этилади: тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустасно;
шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Шундай қилиб, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини таъминлаш мақсадида фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишнинг чекланган имконияти сақланиб қолади.
Шу билан бирга, Фармон маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлини давом эттириб, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чораларни назарда тутади.Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланган. Кўрсатиб ўтилган нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган ва ўз айбини ювган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради, бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилган.
Шу муносабат билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Бундан ташқари илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ техник талаблар, махсус норматив ҳужжатларни, самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган бир қатор нормаларни бекор қилиш юзасидан танқидий қайта кўриб чиқиш вазифалари назарда тутилганки, буларнинг барчаси давлатнинг тадбиркорлик соҳасидаги сиёсатини сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилишига хизмат қилади.
Солижон МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.