- Тўғри айтасиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-2487-сонли қарори йил давомидаги фаолиятимиз учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Дастур ижросини таъминлашда изчилликка эришиш мақсадида олдимизга қўйилган барча вазифаларни ўз муддатида сифатли бажаришга эътиборимизни кучайтириб келяпмиз. Даволаш ва профилактика тадбирларида кўзда тутилган режалар ойма-ой натижа касб этаётир. Энг аввало, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ таъмирлаш ва реконструкция ишларининг ажратилган маблағлар доирасида бажарила бориши мутахассис врачлару ҳамшира ва фельдшерларимизнинг фаоллигини тобора оширяпти, дейишга тўла ҳақлимиз. Бошқача айтганда тўққиз ойда 12 та даволаш-профилактика муассасаси шароитлари талаблар даражасига келтирилди. Муаммо туғдирувчи ҳолатлар навбатма-навбат бартараф этилди.
- Биз яхши биламизки, касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олган, ҳеч бўлмаса эртароқ, яъни бошланғич даврида аниқлаб, кучайишига йўл қўймаслик жуда муҳим. Бунинг учун нималарга кўпроқ эътибор қаратилмоқда?
- Тиббий кўрик соҳамиздаги энг муҳим йўриқдир. Тарғибот-тушунтириш ишларининг таъсирчанлиги ўз йўлигаю, бу муҳим амалий тадбирнинг самараси айниқса катта. Оналарнинг соғлиги қай даражада эканлиги яққол кўзга ташланади. Шифокорлар нима қилишию, беморларга қўйиладиган талаблар аниқланади. Яъни доимий назоратдаги аёлнинг ҳеч бири зарурияти туғилаётган тиббий муолажадан кечикмайди. Аксинча, ўз вақтида танасидаги салбий ўзгаришларга бефарқ бўлмасдан, шифокор муолажасига шошилади. Бизларни кўпроқ ташвишлантираётган ҳолат хотин-қизлардаги ўсма хасталиклари хавфини аввалдан пайқашимиз муҳимлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг бу борада қўшма қарори қабул қилиниши айни муддао бўлди. "Онкологик касалликларнинг профилактикаси" деб номланган тиббий кўрик давомида 3089 нафар аёлда беморлик аломатлари аниқланди. Шуларнинг 1563 нафари гинекологик, 1226 нафари кўкрак бези хасталиклари билан мурожаат этишган. Дастур доирасида берилган маблағлар аёлларга бир маротабали жиҳоз реактивлар ва экспресс "тест"лар учун асқотди.
Бундан ташқари йил давомида республикадан ташриф буюришган олим-шифокорлар, турли тиббиёт марказларининг етук мутахассислари вилоятдаги ҳамкасблари билан биргаликда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида "Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин!" шиори остида кўриклар ташкиллашди. Унда фақат акушер-гинекологлар, педиатрларгина эмас, онкологлар, кардиологлар, фтизиатрлар, терапевтлар, эндокринологлар, хуллас тиббиётнинг қарийб барча ихтисосликларини эгаллаган юқори малакали мутахассислар поликлиникаларда, қишлоқ врачлик пунктларида бўлишиб, аҳолининг соғлом ҳисобланиб юрган қатламини тиббий кўрикка жалб этишди. Улар ўз ўрнида зарур маслаҳатлар, ҳатто лозим бўлса, йўлланмалар олишга тавсиялар бериш билан халқимизнинг узоғини яқин қилишди.
- Аёлнинг энг катта бахти-оналигидир. Оналикнинг муҳофазаси оила ва жамият учун ҳамиша муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасида"ги Давлат дастури тўғрисида ПҚ-2221-сонли қарори ижроси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлардан хабардормиз, албатта. Мен бу ўринда "Ҳомиладорлар уй варақаси"нинг тарқатилиб, ундаги талабларнинг бажарилишига шифокорлар ҳам, ҳомиладор аёллар ҳам астойдил жон куйдиришаётганини назарда тутмоқдаман. Шу хусусда, фикр юритсангиз?
- Бу иш вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази томонидан рўёбга чиқарилмоқда. Германия ҳукумати ҳамкорлигидаги ушбу лойиҳани KFW банки молиялаштирган. Лойиҳа раҳбари ва миллий координаторнинг фаол иштироки, амалий ёрдами катта бўлаётир. Жорий йилимиз бошидан шаҳардаги оилавий поликлиникаларга, туманлардаги қишлоқ врачлик пунктларига тарқатилган 60 минг дафтар ҳомиладорларнинг қўлларида. Бунинг фойдали жиҳати унга қайдларнинг ўз вақтида ёзилишида. Ҳомиладорлар бу оддий варақа эмаслигини, қимматли қўлланмалигини яхши тушуниб етишди. Унинг саҳифаларида бир-биридан зарур маълумотлар етарли. Шифокорлар кўриги натижалари давомли равишда акс этириб борилмоқда. Ҳомиладорлар ўзларини ўзлари ҳам назоратга олиш имкониятига эга бўлишяпти. Кўрикларга оғир ҳолатларда келишлар ойма-ой камайяпти. Йил охиригача лойиҳа-тажрибанинг ҳаётга тадбиғи муваффақиятли якунланиши кўзга кўриниб қолди. Наманганда бошланган тажриба кейинги йиллари бутун республикамизга ёйилса, ажаб эмас. Бундан мақсад битта эди, у ҳам бўлса, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижросига фаол кўмаклашиш, бехатар оналикка қулай шароит туғдириб, қатъий тартибни жорий этишдан иборат. Амалда бунга эришилди, ҳисоб.
- Ана энди бехатар оналикдан беғубор ва бенуқсон болаликни таъминлаш масаласига ўтсак. Соғлом чақалоқнинг дунёга келиши соғлом фарзандга эгаликнинг бошланиши, холос. Ҳали олдинда уларнинг ташқи муҳитдаги турли-туман саломатлик душманларидан, яъни вируслар "ҳужуми" дан асраш масаласи турибди. Бу соҳада тизимли иш ташкилланаётгани эртамиз эгаларининг соғлигини кафолатловчи асосий омил бўлиб қолаётганига тўхталсангиз?
- Мамлакатимизда эмлаш тадбирига бежиз жиддий эътибор қаратилмайди. Шу йўл билан болаларимиз ҳар хил касалликлардан муҳофазаланадилар. Йилнинг ўтган даврида туғруқхоналарда кўз очган чақалоқларнинг қарийб барчаси вирусли гепатит Вга ва силга қарши эмландилар. 2 ойлик болалар полиомиелитга, 1 ҳамда 6 ёшлилар КПК га қарши вакциналар олишди. Ротавирус инфекциясига, пневмакокка эмлаш ҳам деярли тўла амалга оширилди.
Силга қарши кураш алоҳида диққат марказимизда. Флюографик текширувлар олиб борилмоқда. Касаликка мойил хавфли гуруҳлар билан туберкулин диагностикаси ўтказишга киришилмоқда.
- Болалар саломатлигини сақлаш бўйича яна қандай тадбирлар амалда?
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 январдаги "2015-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасида болалар ўртасида гельминтозларнинг олдини олиш ва даволаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ кенг кўламли долзарб вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши учун барча имкониятларни ишга соляпмиз. Болаларда "А" витамини танқислигининг олдини олиш ҳамда паразитологик касалликлар тарқалиб, кучайишига йўл қўймасликка интилмоқдамиз. 2016 йилнинг 2-10 май кунлари уюштирилган "Болалар саломатлиги ҳафталиги" айниқса самарали кечди. "Верморекс" (мебендазол) дори воситаси гельминтациясининг биринчи тури мактабгача ёшдаги болаларда амалга оширилди. Уюшган ва хавфли гуруҳга мансуб оиладаги болаларга ва мактабларнинг 7-10 ёшли ўқувчиларга биринчи навбатда ичирилди.
Йилимизнинг номланишига муносиб сернаф тиббий тадбирлар билан ўтказилаётгани кўнгилимизда янада янгидан-янги эзгу умидларни уйғотаверади. Бехатар оналикка эришиш, беғубор болаликнинг таъминланиши мамлакатимиз куч-қудратини янада ошираверади. Биз халқимиз саломатлигини сақлаш билан юртимизнинг бугуни ва эртаси қувончу бахтга тўлиқ бўлишига кеча-кундуз ҳисса қўшаётганимиздан ғоят фахрланамиз.
- Ана шу ҳис кўнгилларингизни ҳеч қачон тарк этмасин!
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.