Жумладан, бизнинг кўп тармоқли тиббиёт марказимизда гематология янгитдан соҳа сифатида ажраб, махсус бўлимга айланди. Бугина эмас, касалликни аниқлаш, ташхис қўйиш ва уни даволаш учун махсус тиббий жиҳозлар келтирилди. Мутахассисларга зарур шароитлар яратилди. Вилоятимизда касалликларни даволаш, унинг олдини олиш борасида муайян тажриба тўпланди, тобора даволашнинг самарали натижаларига эришилмоқда.
Ҳозирда бизнинг марказдан ташқари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 30 ўринли, биринчи шаҳар шифохонасида 25 ўринли гематология бўлимлари хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, шаҳар ва туман марказий поликлиникаларида ҳам гематолог-врач фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда гематологик касалликлардан В12-фолат кислотаси етишмаслиги, темир танқислиги, гемалитик анемиялар, апластик камқонлик, лейкоз касаллиги, гемофилия ва кейинги пайтларда сурункали яллиғланиш касалликлари оқибатидан келиб чиққан камқонлик хасталиклари турибди. Илгарилари В12-фолат кислотаси етишмаслиги ва темир танқислиги касалликлари бир хил ташхисланар, бу жараён беморларга ҳам, биз шифокорларга ҳам жуда қийинчилик туғдирарди. Эндиликда автоматик гематологик анализатор ёрдамида В12-фолат кислотаси етишмаслигига ҳам, темир танқислигига ҳам алоҳида аниқ ташхис қўйилиб беморлар даволанмоқда.
Тиббий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, профилактик кўрикларга эътиборсизлик, нотўғри овқатланиш, овқатлар рационида керакли витаминлар бўлмаслиги, кимёвий дори-препаратларни пала-партиш истеъмол қилиш ва бошқа омиллар гематологик касалликларнинг келиб чиқишига омил бўлмоқда. Шу боисдан ҳам биз мутахассислар хасталикларнинг олдини олишда асосан тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштирмоқдамиз. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, тиббий маданиятини оширишга эътибор қаратмоқдамиз.
Маълумки, гематологик касалликларни ҳам туб сабаблари, илдизлари чуқур илмий асосда ўрганилиши асосида, яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан туғилган фарзандларда кўпроқ гемофилия касаллиги учрамоқда. Шундай экан, асло-асло қариндошга қуда бўлиш мумкин эмас.
Гематологияга катта миқдорда давлат маблағи сарфланмоқда. Мисол тариқасида сурункали миелолейкоз хасталиги билан оғриган беморларга ҳукуматимиз томонидан ҳар бир курси 3000-4000 АҚШ доллари турадиган ГЛИВЕК препарати бепул тарқатилади. Ваҳолангки, улар йилига мазкур препаратдан 3-4 курс олишади. Гемофилия-хасталигига чалинганлар ҳам курси АҚШ доллари ҳисобидаги ОКТАНАТ 500 препарати билан бепул таъминланмоқдалар.
Бевосита Республика Гематология илмий-текшириш институти профессор-олимлари вилоятимизда "Маҳорат дарслари"ни ўташмоқда. Шунингдек, вилоят мутахассислари томонидан туман тиббиёт бирлашмаларида, марказий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокорлари ҳар ойда соҳа бўйича янгиликлардан хабардор қилиб борилмоқда.
Албатта, келгусида қилиниши лозим бўлган ишларимиз жуда кўп. Тажрибаларни халқаро миқёсда ўртоқлашиш, ўзаро тажриба алмашиш амалиётини жорий қилиш ҳаракатидамиз. Шу билан бирга туманлар марказий поликлиникаларида ихтисослашган лабораториялар ташкил этиш, гематологик касалликларни эрта аниқлайдиган етук мутахассис кадрлар тайёрлаш эл - юрт саломатлиги йўлида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш учун муҳим аҳамият касб этади.
Соҳибжон Ғофуров,
ВКТТМ гематология бўлими мудири,
ВССБ бош гематологи.