Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг ташаббуси билан Фарғона водийси корхоналари бўйлаб марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун таништирув матбуот сафари ташкилланди.
Тошкент шаҳридан ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси етакчи мутахассислари Фарҳод Сайдиев, Ноила Рустамова, лойиҳа менежери Аброр Ходжаев ҳамда ОАВ ходимлари дастлаб Поп шаҳридаги Б. Тўхтаназаров бошқараётган совутгич ва музлатгичларни таъмирлаш устахонасида бўлдилар. Куннинг иккинчи ярмида Чуст шаҳрида жойлашган музлатгичларни таъмирлаш устахонаси ҳамда мева-сабзавотлар сақлаш омборида совутгичлар учун келтирилган ускуналарнинг ишлатилиши амалда кўрсатилди.
- Ўзбекистонда озонни емирувчи моддалар фойдаланишдан тўлиқ чиқарилган. Бу эса Монреал протоколида режалаштирилган муддатдан анча илгари амалга оширилган. Глобал аҳамиятга эга бўлган ташаббус Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт Дастури ва Глобал экологик фонднинг "Иқтисодиёти ўтиш давридаги мамлакатлар ҳудудида озонни емирувчи моддалардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг бирламчи бажарилиши" қўшма лойиҳасида ўз аксини топди, - деди лойиҳа менежери Аброр Ходжаев. - Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жами бешта марказ ташкил этилади. Мазкур ихтисосдаги 100 дан ортиқ давлат ва хусусий корхоналарга замонавий ускуналар ва асбоблар етказиб берилади. Биргаликдаги саъй- ҳаракатларимиз совутиш техникаси ва иқлим ускуналарини ишлатилиши бўйича хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилашга йўналтирилган. Бундан мақсад - озонни емирувчи моддаларнинг атмосферага чиқарилишини самарали пасайтиришга эришишдан иборат.
Икки кунлик медиа-сафар Фарғона водийсининг вилоятларида ҳам ўтказилиши давлат корхоналари, хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорлар ва жамоатчилик озон қатламининг муҳим аҳамиятини янада чуқурроқ тушуниб етишларини таъминлади.
Рустамали Мамадалиев.