Брифингни округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Соҳибжон Рапиқов олиб борди.

Брифингда 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Пахридин Маткаримов мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини вилоятимизда юқори савияда, очиқлик, ошкоралик, демократик тамойиллар асосида ўтишига кўрилаётган тайёргарликлар ҳақида батафсил маълумот берди. Унда таъкидландики, Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан 2016 йил 9 сентябрдан сайлов компанияси бошланган, унга кўра халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг таркибига номзодлар депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ва Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 23 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида"ги 738-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланди. Шунингдек, Наманган вилояти чегараси доирасида 6-Наманган сайлов округи ташкил этилди. 6-Наманган округ сайлов комиссияси учун Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази" биносидан алоҳида хоналар ажратилиб, улар зарур жиҳозлар, оргтехника ва алоқа воситалари билан таъминланди.

Брифингда оммавий ахборот воситалари вакилларига округ сайлов комиссияси иш режаси, шунингдек, округ сайлов комиссияси матбуот маркази ташкил этилгани ҳақида ахборот берилди.

Журналистларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ва сайловнинг ўтишини холисона ёритиб борилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг "Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида" ги қарори мазмун- моҳияти етказилди. Бундан ташқари, 6-Наманган округ сайлов комиссияси ҳузурида ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш қоидалари ҳақида тушунча берилди.