Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги янги қонун Сенат томонидан шу йил 24 августда маъқулланди. Қонунчилик палатасига мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган. Биз сенаторлар қонунни кўриб чиққанимизда, унинг ҳар жиҳатдан мукаммал эканлигидан тўла қониқиш ҳосил қилдик.
"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган ушбу қонун 4 та боб ва 33 та моддадан иборат. Унда ҳозирги замон талабларини ҳисобга олган ҳолда, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатларни, ёшларнинг очиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларни маънавий негизларини бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, радикализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, ёшлар спортини, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш каби яна кўплаб масалалар қонунда ўз ифодасини топган.
Албатта, булар мамлакатимиз ёшларини ХХI аср талабларига тўла жавоб берадиган ҳар томонлама баркамол шахслар этиб камолга етказишга йўналтирилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши аниқ. Мисол тариқасида қонуннинг биргина 11-моддасига тўхтайлик. Бу модда "Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари" деб номланган. Унда ёзилганидек, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:
ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
ёшлар ўртасида санитария-гигиенага оид билимларни тарқатиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғиботни ташкил этади;
ёшлар ўртасида тизимли тиббий текширувларни ташкил этади;
имконияти чекланган ёшларни тиббий-ижтимоий реаблитация қилиш бўйича чора- тадбирларни амалга оширади;
ичкиликбозликка, гиёҳвандликка, заҳарвандликка чалинган, руҳий ҳолати бузилган, юқумли касалликларга ва бошқа ижтимоий хавфли касалликларга чалинган ёш фуқароларни аниқлайди, уларни ҳисобга олишни, текширувдан ўтказишни, шунингдек тиббий-ижтимоий реаблитация қилишни ва ижтимоий мослаштиришни амалга оширади;
ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилади.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Демак, тиббиётчиларнинг бу соҳадаги масъулиятлари ҳам юксак. Қонун талаби-ҳаёт талаби. Қонунга изчил амал қилиш билан ёшларга оид давлат сиёсати доирасидаги долзарб вазифаларни бажаришда фаол қатнашиш ҳар бир муассаса раҳбарининг, шифокорларнинг доимий диққат марказида туриши керак.
Янги қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига масъул бўлган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиради. Бу имкониятлар ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришига замин яратади.