Айни пайтда "Саломатлик-3" ло­йиҳаси амалга ошириляпти. Режа асосида республикамиздаги барча бирламчи тизимга, жумладан, вилоятимиз соғлиқни сақлаш муассасаларига ҳам Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинаётган тиббий жиҳозлар етказиб берилмоқда.

Яқинда Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасида кўргазмали анжуман ташкилланди. Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулҳоди Иминов олиб борди. Анжуманда мазкур ло­йиҳага мувофиқ келтирилган тиббий жиҳозларни қабул қилиш, расмийлаштириш, сақлаш, ўрнатиш ва самарали ишлатилишини таъминлаш борасида батафсил фикр юритилди. Бинолар инфратузилмасини тайёрлаш, кадрлар заҳирасини шакллантириш, ўқитиш, техник-сервис хизмати кўрсатиш масалалари юзасидан маълумот берилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лайло Аҳмедова анжуман иштирокчиларини бу борада олиб борилаётган ишлари билан таништирди. "Саломатлик-3" лойиҳаси вилоят бюроси директори Дилмурод Қодировнинг тиббий асбоб-ускуналар, товарлар ва моддий бойликларни жойларга етказилиши, қабул қилиниши, ҳисобга олиниши, ўрнатилиши, мақсадли ишлатилиши, техник хизмати ҳолати ҳақидаги маърузаси қизиқиш билан тингланди. Маърузага тааллуқли саволларга жавоблар қайтарилди.

- Тиббий асбоб-ускуналар ва бош­қа моддий товарларни қабул қилиш, ўрнатиш ва самарали ишлатиш доимо назоратда бўлиши зарур, - деди Д. Қодиров. - Шунинг учун ло­йиҳа томонидан жиҳозланадиган муассасаларда фаолиятни махсус комиссия назорат қилади. Давлатимиз томонидан аҳоли соғлиги муҳофазасига катта эътибор қаратилган экан, бу ғамхўрликни қадрлаб, катта маблағлар эвазига яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиш керак.

Тадбир қатнашчилари шу куни туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларига етказиб берилган тиббий жиҳозлардан самарали фойдаланишга оид тажрибалар билан ҳам танишдилар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.