Бирлишма бошлиғи Файзулла Дадабоев, ўринбосарлари Ҳалимжон Алимов, Орифжон Пошшаев, Ҳанифахон Бозоровалар тизимдаги муассасалар иши жаҳон тиббиёти андозаларию, замон талабларига мувофиқ юритилиши учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Ҳар бир муассаса раҳбари ва жамоаси олдига қўйилган аниқ вазифаларнинг тўкис ижросини таъминлаш, уларнинг доимий диққат марказида турибди. Биз қайси муассасага кирмайлик, хоҳ врач, хоҳ ўрта тиббиёт ходими бўлсин, барчанинг хатти-харакатида қасамига содиқлигу касбига садоқатини дарров пайқадик. Албатта, барчалари ҳақида батафсил ёзиш имкониятига эга эмасмиз. Улар тўғрисида мухтасар ҳикоя қилишга интилдик, холос.

 

1-ШИФОХОНА

бугун фақат шаҳарликларгина эмас, бутун вилоятга хизмат қилиши билан эътиборга лойиқ. Муассасага 1975 йилда асос солинган. Наманган шойи ишлаб чиқариш бирлашмаси қошида очилган. Тиббий санитария қисми бош врачи Абдусамад Сафаровнинг таклифи билан вилоятнинг кўзга кўринган врачлари бу масканнинг ривожига ҳам самарали ҳисса қўшишди. Роза Қосимова, Вазил Шокиров, Абдурашид Абдухолиқов, Солижон Содиқов, Галина Нечаева, Абдусалом Мўминов, Григорий Григорянц ва бошқа таниқли шифокорлар ишчи хизматчилар соғлигининг чинакам пос­бонларига айланишди.

Кейинчалик тиббиётчилар жамоасига Нурилло Қодиров, Маҳмуджон Аҳадов, Аҳадхон Зияев, Неъматжон Сотиболдиев, Зоҳидахон Маллабоевалар етакчилик қилишди. Айни дамдаги бош врач Тоҳиржон Бойдадаев эса 1989 йилдан буён ўтган давр ичида раҳбарликни учинчи бор ҳалол ва фаол адо этмоқда. Кўпчиликнинг эътирофича, Тоҳиржон Раҳимжонович талабчан, зукко ва туғма раҳбар. Айниқса, мустақиллик йилларида шифохонанинг ҳар жиҳатдан довруқли муассасалар қаторига қўшилишида унинг ташкилотчилик ва ташаббускорлигининг самараси тез кўзга кўринди. Яъни бўлимлар кенгайди, ўринлар сони кўпайди. Даволашнинг самара ва сифати оширилди.

- 1998 йилдан шифохонамизда 20 фоиз бюджет ҳисобидан, 80 фоиз пуллик хизмат кўрсатишга ўтганмиз, - дейди Тоҳиржон Бойдадаев. - Бу, албатта, диагностика ва даволашни табора такомиллаштиришни, ҳам сўз билан, ҳам сернаф муолажалар билан беморларнинг ихлосини қозонишни тақазо этади. Биз амалда шунга эриш­япмиз. Даромадимиз ёмон эмас, фойдадан энг зарур, энг мукаммал тиббий аппаратлару асбоб-ускуналар олиб ёруғ ва шинам хоналарда шифокору беморларга қулай шароитлар яратиб беряпмиз. Мутахассисларимизнинг аксарияти юқори малака эгаларидир. Неврология бўлимига Илҳомжон Камолов, гас­троэнтерология бўлимига Содиқжон Мамажонов, жарроҳлик бўлимига Баҳромжон Убайдуллаев, клиник-биохимик лабора­тория­га Ҳалимахон Даминовалар мудирлик қилишмоқда. Невропотолог Жамолхон Исмоилов, гематолог Санобархон Маҳмудова, терапевт Тоҳиржон Абдуллаев, жарроҳ Олимжон Мўйдиновларнинг билим ва малака бобида бошқалардан устунлиги ҳар доим сезилиб туради. Зуҳра Пўлатова, Насиба Зокирова, Ҳанифа Турғунова сингари ҳамшираларнинг муолажалари, чаққонлигу маҳоратларига доимо олқишлар ёғилади. Энг муҳими, давогоҳимизда туманлардаги қатор-қатор шифохоналардан афзаллик жиҳатлари кўпайишига интилишарди.

Дарҳақиқат, шундай. Масалан, илгари фақат вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказидагина мавжуд бўлган "ИФА" анализатор олинган. Гепатитнинг Б, С, Д гуруҳларига қон таҳлили ўтказилмоқда. Яна ярим автоматик биохимик анализаторимиз ҳам бор. У қоннинг барча элементларини гуруҳларга ажратиб, текшириб беради. Янги ЭКТ аппарати, жарроҳлик асбоб-ускуналаригача келтирилди.

Гемотология, гастроэнтерология соҳаларидаги ютуқлари, йирингли жарроҳлик, кўз касалликлари, бел-умуртқани тортиб даволашдаги илғорликлари билан вилоятга довруқли десак асло муболаға эмас. Бунинг исботи шуки, йилига 9000-9500 нафар беморни даволаётган бўлсак, буларнинг 40-45 фоизини туманлардан келувчилар ташкил этишмоқда.

Фитобарда Турғуной Турсунбоева ҳамиша беморларни табиий гиёҳлардан тайёрланган 30 хилдаги шифобахш дамламалар билан сийлайди. Ҳам арзон, ҳам хуштаъм. Хўжалик ҳисобидаги тиббий кўрик бўлими ишига терапевт Мавлуда Турсунова бош-қош. Ўқитувчилар, ошпазлар, боғча ходимлари шифокорлар текширувидан ўтказилмоқда. Ҳатто ҳайдовчиликка ўқийдиган ёшларгача шу ернинг ўзида текширув хизмати йўлга қў­йилган.

Шифохонадаги 300 нафарга яқин ходим ўн икки миллатга мансуб бўлсада, гўё бир оила фарзандларидек аҳил-иноқликда иш олиб боришади. Улар маънавий-маърифий ва тар­бия­вий тадбирларга тезроқ жалб этиб туриладилар. Мавлуда опа бу тадбирларнинг ҳам фаол ташкилотчисидир.

Исми жисмига монанд биринчи шифохона жамоаси барча соҳада биринчи бўлишни ўзи учун катта шараф деб билади.

 

БОЛАЛАР ШИФОХОНАСИДА

"Ким эдигу ким бўлдик" деган савол эътироф бугун кўп бор тилга олинаётгани бежиз эмас. Қаранг: Наманган шаҳар ижроия қўмитасида 1977 йилнинг 2 мартида болалар шифохонаси қурилишига ер ажратиш тўғрисида № 6.133- сонли қарор қабул қилинган экан. Орадан 13 йил ўтса ҳам , янаям аниғи шўролар даврида мазкур масалага ижобий ечим топилмаган. Қачонки 1991 йил ав­густининг сўнгги кунларида яна шаҳар ижроқўми қарори чиқарилиб, ерга эгалик ҳуқуқи берилган. Келгуси йилнинг августида эса Республика давлат мустақиллигининг бир йиллиги арафасида байрамга туҳфа тарзида шаҳар болалар шифохонасининг "Гўзал" даҳасидаги уч қаватли биноси фойдаланишга топширилган. 300 ўринли муассаса 11 та даволаш ҳамда 10 та ёрдамчи бўлимдан иборат бўлди. Истиқлол шарофати билан очилган янги давогоҳ ўтган 24 йил мобайнида ҳар жиҳатдан юксалди. Кичик беморларга катта эътибор туфайли қанчадан-қанча ота-оналарнинг қалбига қувонч бағишлади. Дардманд болаларни соғайтириб, баркамол авлодлар қаторига қўшилишига беминнат кўмаклашилди.

Шифохонанинг биринчи бош врачи Олия Равшановна Шодиева бўлса, ундан сўнг Абдусамад Исмоилов, Дилфуза Каримовалар бу масъулиятли вазифани бажаришди. 2016 йилнинг февралидан эса иккинчи бор Абдусамад Исмоилов раҳбарликни давом эттирмоқда.

- Жамоамиз катта - 300 нафардан зиёд врач ҳамда ўрта тиббиёт ходимларига эгамиз, - дейди бош врач. - "Соғлом она ва бола йили"нинг масъулияти ҳар қачонгидан юксаклигини чуқур англаган ҳолда хас­та болаларга бор меҳримизни бер­япмиз, уларни даволашга бутун билим ва тажрибаларимизни сарфлаяпмиз. Чақалоқдан тортиб ўн саккиз ёшгача бўлганлар соғлигини сақлаш учун мавжуд барча имкониятлардан тўла фойда­лан­япмиз. Кўрсаткичларимиз чакки эмасу, лекин асло қониқолмаймиз. Ойига мингдан зиёд болани даволаяпмиз. Уларнинг шифохонада ётишларини қисқартирдик. Аниқ ташхис, юқори малакали муолажа тез ва самарали натижага олиб келаверади. Мақсадимиз, болаларни ҳеч ўлим чангалига бериб қўймаслик, аёлларга фарзанд доғини кўрсатмаслик.

Албатта, бу борада аввало бўлим мудирларининг фаоллиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масаидхўжа Иброҳимов, Адҳамжон /аниев, Ойбек Эралиев, Солижон Раҳимбеков, Зуҳриддин Муҳсинов, Мирзаҳоким Йўлдошев, Жуманазар Болтабоев, Дилбар Адашева, Одилжон Каримов, Комилжон Юсупов, Жалолиддин Нас­риддиновларнинг ҳам шахсий ибрати, ҳам ташкилотчилик салоҳияти ютуқларни тобора кўпайтиришнинг етакчи омилига айланиб қолган. Феруза Сафоева, Соҳиба Исроилова, Авазхон Абдураҳмонов, Иззатулла Охунов ва Дилбар Каримова сингари педиатр, хирург ва неонатологларнинг жонкуярликлари туфайли ўғил-қизчалар дардлардан тез ва осон қутилишяпти. Чунки бу ерда замонавий ташхис ва даволаш аппаратлари муҳайё. Лабораториядаги "ИФА" қондаги микробларни қисқа вақтда аниқлаб, 60 турдаги таҳлилни ўтказишга "қодир". Чақалоқлар бўлимида эса "СПАП" аппарати билан сунъий нафас олдириш жажжиларнинг яшаб кетишига имкон туғдиради.

 

ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКАЛАР КАТТАЮ КИЧИККА ДОИМ КОР КЕЛАР

Бугун буни шаҳарликлар жуда яхши билишади. Ахир ўн йил аввал ҳам Наманганда бармоқ билан саноқли поликлиникалар мавжуд эди. 2006 йилдан оилавий типдагиси ташкилланиб, эндиликда 13 тасининг эшиклари беморлар учун очиқ. Яна ислоҳотлар шарофати билан патронаж ҳамшираларгача ажратиб қў­йилган. Улар кўчама-кўча, хонадонма-хонадон тиббий сумкасини елкага илиб олишиб, ўз ҳудудларидаги фуқароларнинг саломатликларидан ҳабар олишади. Тиббий ёрдам кўрсатишади, саломатлик суҳбатлари ўтказишади, кўрикка ва эмлашга оила соҳибларию, уларнинг фар­занд­ларини чорлашади. Бошқача айтганда, маҳалладошларнинг саломатлиги ҳақида доимий қайғуришади.

Оилавий поликлиникаларда шароитларидан тортиб жиҳозларигача етарли. "Саломатлик-2", "Саломатлик-3" лойиҳалари бўйича тиббий жиҳоз, аппарат ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Айниқса, 1, 2, 3, 5-оилавий поликлиникалар жамоаларининг фаолиятида ўрнакли жиҳатлар бир талай. Нигора Жўраева, Мушарраф Собирова, Шокиржон Ҳайдаров ва Абдумутал Акбалаевлар бош врач сифатида саломатлик пос­бонлари ишини давр талабларига монанд ташкиллашга эришаётирлар. Масалан, 3-оилавий поликлиникада 2014 йилнинг июлида "Соғ­лом бола йили" Давлат дастури тўғрисидаги ПҚ-2133-сонли қарор ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада кучайтириш" мавзусида республика семинари ўтказилди.

2016 йилда "Патронаж ойлиги" доирасида эса ҳамма поликлиникалари фаоллик кўрсатиб келяпти. "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги изчил саъй-ҳаракатлар туфайли ҳеч ким меҳру эътибордан бебаҳра қолмаслигини таъминланяпти, дейишга бугунга келиб тўла хақлимиз.

 

ЧАҚАЛОҚЛАРКЎЗ ОЧАР БУНДА

Шаҳар туғруқ комплекси 230 ўринли. Дилбар Ибрагимова бошчилигидаги акушер-гинекологлар соғлом чақалоқлар дунёга келиши учун кечаю-кундуз хизматга шай турадилар. Устоз акушер-гинеколог Зарифахон Абдуллаевна Қосимова ҳануз оналарнинг меҳрибон ва ғамхўр нажоткори сифатида шифохонадан қадамлари узмайдилар.

Кейинги пайтда тиббиётнинг бу тармоғидаги янгиликлардан яна бири, Давлатободда 100 ўринли 1-шаҳар туғруқҳонаси мукаммал таъмир ва реконструкциядан чиқарилган бинода иш бошлашига имкон яратиш учун астойдил иш олиб борилди. 2 миллиард 100 миллион сўмлик маблағ ҳисобига энг кўркам, энг замонавий туғруқ комплекси вужудга келтирилди.

 

ХОТИМА

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кўп сонли врачу ҳамширалари қайси муассасада хизмат қилмасин улар илгари ишлаб кетган меҳнат фахрийларининг энг яхши хислатларини ўзларида мужассамлаштириб олганликларини сезишимиз қийин эмас.

- Бизлар ҳар доим устозларни эслашга жуда-жуда бурчлимиз, - дейди ШТБ бошлиғи Файзулло Дадабоев. - Соҳамиз фидойиларининг пешқадамлари бўлишган, бирлашма ва марказий касалхона бош врачи вазифасида ишлашган Миршоҳид Мирсайдуллаев, Клара Муҳиддинова, Аҳадхон Зияев, Олимжон Холмирзаев, Тоҳиржон Бойдадаев, Машрабжон Азимов, Абдусамад Исмоиловларнинг тиббиёт ривожига катта хизматлари сингган. Ёқубжон Иминов, Машрабжон Азимов сингари фахрийларимиз ҳозир ҳам сафларимизда юришибди.

Бирлашмада оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосар Ҳалимжон Алимов, умумий ишлар бў­йича ўринбосар Орифжон Пошшаевларнинг ёнма-ёнлиги, ягона мақсад сари дадил интилишимиз туфайли ижобий натижаларимиз тобора кўпайиб бор­япти.

ШТБ бошлиғи айтганидай, шаҳар тиббиёт бирлашмасининг мустақиллик йилларидаги юксалишлари ғоят қувончли. Инвестиция дастурига кўра қарийб 5 миллиард сўм маблағ эвазига амалга оширилган 2013 йилдаги мукаммал таъмир ва реконструкциядан сўнг марказий шифохонанинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Шароитлари яхшиланди. Изланувчан врачларнинг меҳнатлари қадрланди. Нефрология ва гемодиализ бўлими мудири Тоҳиржон Қўлдошев  "Меҳнат шуҳрати" орденига сазовор бўлди. Тиббиёт фанлари номзодлари Набижон Солиев ва Сайдулло Болтабоевларнинг жарроҳлик амалиётлари ва муолажа маҳоратлари эса шифохонанинг нуфузига нуфуз қўшмоқда. Буларнинг барчаси шарофатбахш истиқлол туфайлидир, албатта.

Содиқ САЙҲУН.

Р. МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.