Мамлакатимиз истиқлолининг йигирма беш йиллиги нишонланаётган шукуҳли кезларда вилоятимиз маркази аҳолиси қурувчилардан ажойиб совға олди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли янги туғруқхона биноси фойдаланишга топширилди.

Давлатобод мавзесида ишга туширилган туғруқхона мажмуи ҳам юртдошларимизга, айниқса аёлларга байрам туҳфаси бўлди, десак янглишмаймиз. Лойиҳа қиймати салкам 3 миллиард сўмлик объектда "Наманган давр қурилиш" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари қурилиш-реконструкциялаш ишларини сифатли амалга оширишга муваффақ бўлдилар. Уларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан эски шифохона биноси ўрнида янги қиёфадаги кўркам ва муҳташам тиббиёт муассасаси вужудга келди.

- Туғруқхонамизда аёлларнинг соғ­лом ва баркамол авлодни дунёга келтиришлари учун барча шароитлар яратиб қўйилган. 60 ўринли туғруқ бўлими, 40 ўринли ҳомиладорлар патологияси бўлими ва бирламчи чақалоқларни парваришлаш ҳамда реанимация бўлимлари мавжуд, - дейди туғруқ бўлими мудири Мухлиса Атаматова. - Энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган муассасада 11 нафар юқори малакали шифокор ва 60 нафардан зиёд ўз касбининг устаси бўлган ҳамширалар иш олиб боришади.

Янги туғруқхонанинг очилиш маросими мустақиллик шодиёналарига уланиб кетди. Маросимда сўзга чиққан Наманган шаҳар ҳокими Баҳодир Бекхўжаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, "Тўқувчи" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сабоҳат Шокировалар истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган буюк ўзгаришлар, айниқса тиббиётни ислоҳ қилиш борасида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида фикр юритдилар. Халқимиз бахту саодати йўлидаги эзгу ишлар, соғлиқни сақлаш муассасалари имкониятларини тараққий эттириш соҳасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли саломатлигини мустақкамлашда юксак натижаларга эришилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

- Вилоятимизда Инвестиция дастури асосида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Жорий йилнинг ўзида 12 тиббиёт муассасаси биносини қайта қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун ўтган йилгидан икки баробар кўп - 36 миллиард сўм бюджет маблағи ажратилган, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев.

- Айни пайтда барча объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шуниси эътиборга моликки, мазкур шифохоналар "Саломатлик - 3" лойиҳаси асосида энг сўнгги русумдаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланмоқда.

Шундай қилиб, Наманган шаҳридаги тиббиёт муассасалари сони яна биттага ортди. Унинг аҳил жамоаси юртдошларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширишда юқори самараларга эришишига ишончимиз комил.