Яқинда бир дорихонага кириб қолдим.

- Қизим, жуда тўғри айтганакансиз, бир ҳафта аввал берган дорингизнинг нафи катта бўлди, ўзимизникиям хорижникидан қолишмасакан, қон босимимни бир меъёрда ушлаб турибди-я. Яна ўшандан олиб кетай, - деди катта ёшдаги аёл мамнун оҳангда.

- Онажон, қанийди бошқалар ҳам сиздақа фикрда бўлишса, баъзилар фақат хорижникига ўрганиб қолишган, ахир кечаги қолоқ юртдамас, бугунги серривож Ўзбекистонда яшаяпмиз. Ҳатто хориждагиларнинг ўзлари бизларнинг дори-дармонларимизниям ишлатишяпти, десам ишонмассизу, лекин бу ҳақиқат.

- Ибн Сино бобомиз "тиббиётнинг отаси" номини олганлар-ку, буни улар ҳам яхши билишади-да,-деди аёлнинг ёнида турган ўрта ёшдаги эркак беихтиёр суҳбатга қўшилиб.

Бундай мулоқотлар тасодифий эмас, албатта. Истиқлол даврида юртимизнинг фармацевтика саноатида ҳам беқиёс ўзгаришлар ясалди. Таъсир кучи-ю, яроқлилик ҳолати жиҳатидан жаҳон андозаларига тўла мувофиқ келадиган, ҳатто ундан ҳам зиёда хилма-хил давобахш малҳамларнинг сону сифатига бугун гап йўқ, дейишга тўла ҳақлимиз. Давлатимиз томонидан соҳага эътиборнинг йилдан-йилга кучайтирилгани самарасидир бу. Айниқса, 2016 йилнинг 4 январида "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда тасдиқланиши ҳам бежиз эмас. Энди сифат назорати масаласи қатъий қў­йилган. Чунки, ҳар бир дори-дармон ортида инсон ҳаёти, унинг соғлиги ётибди.

Республика "Дори-дармон" акциядорлик компанияси бош­қарув раиси Абдуғани Комилов ёзганидек: "Ҳозирги кунда бу соҳада республикамизда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бош­қармаси, "Ўзстандарт" агентлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган 8 та тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, "Дори-дармон" АКга қарашли 15 та назорат-таҳлил лабораторияси, шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ички назорат-таҳлил лабораториялари фаолият кўрсатиб келмоқда. Демак, бу жиҳатдан сифат кафолатли.

Энди яна бир масала бор. Ана шу корхоналарда тайёрланган тиббий маҳсулотларни ташиш, сақлаш ва сотиш жараёнлари талаблари тўғри бажарилиши аввало, соҳа мутасаддиларига, қолаверса, сиз билан бизнинг эҳтиёткорлигимиз ва назоратимизга ҳам қай даражада боғлиқлигини сира унутмаслигимиз керак. Яширишдан на ҳожат бозорларда сохта тадбиркорлар томонидан қўлда сотилаётган дори-дармонларга нима дейсиз? Булар балким сал арзонроқдир, бироқ сифатига ким кафолат бера олади. Уларнинг қўлига етиб келгунича, қандай ҳолатларни "бошидан кечирган" экан. Бу "мақтовли" малҳамлари ёрлиқларигача жойидадир, ёзувларию, маълумотларигача тўкисдир, аммо махсус қоғозлар, шиша идишчалар ичидаги маҳсулотнинг сирти унинг сифатини тўла тасдиқламайди-ку?! Яна бир нарса ўша дори-дармонлар боринки, фойда қилмасаям майлику-я, зарар етказса-чи? Унда азобини ким тортади. Ҳаридор-сиз билан биз, яъни соғайишга умид боғлаган беморнинг ҳоли нима кечади?! Мана бу масаланинг энг ташвишли томони эмасми?!

Бемор шуларни балки билмас, балки ўзимизнинг дори-дармонлар узоқ "саёҳат"сиз, энг қулай, энг кафолатли шароитларда сира-сира сифати бузилмасдан ўзимизга етиб келишиниям ўйлаб ўтирмас. Шифокорларимиз-чи? Улар билишади, фойдали маслаҳатларини ҳеч вақт беморлардан дариғ тутмасликлари шарт эмасми?! Ҳар томонлама созланган шароитларда ишловчи дорихоналардангина малҳамлар харид қилиш ҳамиша ишончлидир. Чунки, бугунги кунда сифат масаласи инсон ҳаёти даражасининг иқтисодий, социал ва экологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлашда энг муҳим омилга айланган ва шундай бўлиб қолмоғи зарур. Қисқаси, сифатли дори-дармон саломатлик гарови, акси эса саломатлик кушандаси эканини таъминотчи фармацевтлар ҳам, врачлар ҳам, беморлар ҳам унутишга асло хақлари йўқ.

Содиқ САЙҲУН.