Шунга қарамай, биз наманганликларнинг вилоятдошимиз Муроджон Аҳмадалиевдан ҳам умидимиз катта эди. У қандай натижага эришаркин? - деган фикрда боксчилар жангидан кўз узмадик. Ниҳоят 56 килограмм вазн­да жаҳон вице-чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ярим финалга йўл олди. Қаршисидаги рақиби аргентиналик боксчи Альберто Мелианни мағлубиятга учратиши узоққа чўзилмади. Атиги 2 дақиқа 32 сония кифоя қилди, холос. Ярим финалда Муроджон кубалик спортчига қарши рингга кўтарилди. Гарчи у рақибини енголмаган бўлса-да, терма жамоамизга бешинчи бронза медалини олиб берди.

- Мустақилликнинг 25 йиллиги байрами арафасида Олимпия ўйинлари совриндорлари қаторига қўшилганимдан ғоят хурсандман, - дейди Муроджон Аҳмадалиев. - Қўлга киритган медалим аввало дунёга довруқдор Ватаним - Ўзбекистоннинг катта тўйига туҳфа сифатида мени бениҳоя фахрлантирди. Бизларни доимо қўллаб-қувватлаб турувчи Президентимизга, ҳукуматимизга, кўпсонли мухлисларимизга миннатдорчилик изҳорлашга бурчлиман. Чунки, яратиб берилаётган беқиёс шароитлару имкониятлар ҳамиша кучимизга куч қўшиб тураверади. Янада юксак маралар сари руҳлантираверади.

Муроджон муносиб сийловларга яраша ғалаба билан юртга қайтар экан, у янада катта рағбатларга сазовор бўлди. Президентимиз Фармонлари билан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" деган юксак унвон билан тақдирланди.

Биз "Сероб" маҳалласининг Камарсада кўчасидаги 82-уйга-олимпиада совриндори хонадонига кириб борар эканмиз, юзларидан нур ёғилиб турган бувиларининг қувончлари бир олам эди.

- Набирам Муроджон муродига етяпти, - дейди хурсандлиги ичига сиғмай Тўхтахон ҳожи она Шарипова. - Телевизорда кўриб, бирам қувондимки, ўғлимнинг шундай фарзанди борлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Ҳамиша тани-жони соғ бўлиб, ватани шуҳратига шуҳрат қўшаверсин!

- Қизимиз Ойшахон билан куёвимиз Қаҳҳоржон фарзанди камолоти учун кичиклигиданоқ астойдил жон куйдириб келиш­япти, - дейди мамнуният билан Муҳаррамхон ая Фаёзова. - Чирчиқдаги олимпия заҳиралари коллежида спорт мураббийларидан катта сабоқ олган набирам қанчадан-қанча мусобақаларда ютиб чиқди. Бу галгиси ҳаммасидан кўраям юқори натижа бўлди.

Президентимиз 75.000 АҚШ доллари билан сийлаганларини айтмайсизми. Муроджонимга чинакамига толе кулди. Истиқлолли Ўзбекистоннинг чин иқболли болалари қаторида улғайиб, жаҳонга танилди. Спорт билан шуғулланиш учун бу қадар кенг имкониятлару қулай шароитларни яратиб бераётган Юртбошимиз ҳам соғ-омон юрсинлар!

- Спортчи аввало соғлом бўлиши керак-да,-дейди алоҳида таъкидлаб Муроджоннинг онаси Ойшахон Фаёзова.- У чақалоқлигидан тетик ва серҳаракат эди. "Фарзандингиз спортчи бўлса ажаб эмас" дерди тиббий кўрикка олиб борганимда унинг соғ­лигидан, бардамлигидан кўнгли тўлган педиатр Лолахон Улуғбоева. Ҳамшира Нигора Ҳакимова эса эмлашларга чорлаб, ўзи ҳам хонадонимизга келиб, боламиз соғлиги учун жой куйидирганларини сира-сира эсимдан чиқармайман. Мана, энди Муроджоним Республика жисмоний тарбия институтини 3-бос­қич талабаси. Жаҳонга машҳур боксчилардан бири. Бундан ҳар қанча қувонсак, ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Биз Муроджоннинг мўъжаз хонасига кирдик. У ердаги ойнаванд жавонда қатор-қатор кубок, қатор-қатор медаллар, қатор-қатор дипломлар.Булар бугунги даражага эришуви йўлидаги ғолибона курашларининг муносиб эътирофи-ю, муносиб сийловларидир, албатта.

Шу пайт фарғоналик меҳмонлар ҳам кириб келишди. Бу нуроний Қодиржон ва Комилжон оталар Муроджоннинг катта отаси Маҳаммаджон ҳожи Аҳмадалиевнинг қадрдонлари эканлар. Набираларининг ютуқлари билан муборакбод этишгани атайлаб етиб келишибди. Қутловчиларнинг эса остонадан қадамлари узилмаяпти.

Дуолар ҳам мудом давомли: юрт тинчлигини, Ватан равнақини, элга фаровонлигини, спортчилар омадини тилашгани тилашган отахону онахонларимиз. Дориломон кунларда, байрам арафасидаги қувончларнинг қўшалоқлигига шукроналар беадоғ.

Содиқ САЙҲУН.