Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саид Исмоилов раҳбарлигидаги гуруҳга мамлакатимизнинг тиббиёт олийгоҳлари, илмий-текшириш институтлари ва диёримизнинг энг нуфузли тиббиёт марказларининг тажрибали ва малакали шифокор олимлардан таркиб топганди. Улар 15-20 август кунлари Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Чортоқ, Норин ва Чуст туманларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда вилоятимиз даволаш-профилактика муассасаларининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда олис қишлоқларда яшовчи аҳоли вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар.
- Кардиолог қабулидан чиқяпман, - дейди Норин туманидаги 10-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Хурсаной Азимова. - Юрагим безовта қилаётганди. Пойтахтдан ташриф буюрган мутахиссис М.Эрназаров ҳолатимни текшириб кўриб, даволаниш бўйича маслаҳатларини берди.
Мазкур эзгу тадбир чоғида кўпгина хайрли ишларга ҳам қўл урилди. Айниқса, улуғ ёшдаги кишилар, ногирон ва ўзгалар қаровига муҳтож инсонлар алоҳида ғамхўрлик оғушида бўлдилар. Беморларнинг уйларига бориб малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Бинобарин, профессор С. Исмоилов энг малакали шифокорлар билан уруш ва меҳнат фахрийлари истиқомат қиладиган хонадонларга ташрифлар ушютирди.
- Шифокорларга раҳмат, саломатлигимиз ҳақида қайғуриб, уйимизга ўзлари келишибди. Истиқлол йилларидагина мана шундай ғамхўрлик, эъзозу эътиборга лойиқ топилдик, - дейди Муҳаммаджон ота Назаров.
"Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги байрамолди акцияси жорий йилдаги учинчи ижтимоий-тиббий тадбирдир. Тор доирадаги мутахассислар олис ҳудудларда яшовчи аҳоли узоғини яқин қилиб, ҳар куни иккитадан туманлар вакилларига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатди. Жумладан, офтальмолог, кардиолог, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, терапевт, акушер-гинеколог, педиатр ва бошқа мутахассислар оналар ва болалар, айниқса қизлар ҳамда турли ёшдаги беморларни тиббий кўрикдан ўтказишди.
-Акция доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга вилоят бўйича 5 минг нафардан зиёд фуқаро жалб этилди. Уларнинг 3 минг нафарга яқинида айрим касалликларнининг аломатлари аниқланди. 2800 дан зиёд кишига амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. З84 нафар бемор эса вилоят ва республика даволаш-профилактика муассасаларида соғломлаштирилади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Фурқат Раҳматов.
Абдулла ҒОЗИЕВ.