Ўтмишга бир назар ташласангиз бугунги фаровон ҳаётга, дориломон кунларга беихтиёр шукроналар айтасиз. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ижтимоий соҳа ҳам бағоят ночор аҳволга тушиб қолганди. Таълим тизими ҳам, тиббиёт соҳаси ҳам. Муаммолар ортса ортардики, ечим топилмасди.

Истиқлол йилларида мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган эзгу ишлар баробарида аввалги ФАП, СВА, СУБ тарзида қисқартма сўзлар билан ифодаланувчи тиббиёт шаҳобчалари ўрнига янги аср талабларига мос, аҳоли учун ғоят қулай бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари босқичма-босқич барпо этилди.

Давлат дастурининг изчил амалга оширилиши туфайли биргина вилоятимизда замонавий диагностика ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 217 та ҚВП вужудга келди. Уларнинг 85 таси янги ва замонавий лойиҳа асосида барпо этилди. 132 таси эса манзилли дастурга мувофиқ мукаммал таъмирдан чиқарилган. Қишлоқ аҳли саломатлигини муҳофаза этишга йўналтирилган бирламчи тиббиёт масканларида турли касалликларни олдини олиш ва ташхислаш ҳамда даволашда янги технологияларни қўлланмоқда.

Қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник имкониятлари йил сайин ривожланиб бормоқда. Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ҳозирги замон тиббий асбоб-ускуналари ва жиҳозлари билан таъминлаш масаласи ҳам доимо диққат марказида. "Саломатлик-2" ва "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаларига мувофиқ етказиб берилаётган асбоб-ускуналар фикримиз далилидир. Ўтган йиллар мобайнида мазкур лойиҳалар доирасида салкам 4 миллион АҚШ долларидан зиёд қийматидаги хорижий тиббий асбоб-ускуналар қишлоқ тиббиёт масканларига тарқатилди. Шу билан бирга ҚВПлар мобил алоқа тизимига улангани, улар қошида дорихона шахобчалари очилгани, ҳатто фитобарлар ишлаб тургани қишлоқ аҳлига қулайлик яратди.

Бугунга келиб қишлоқ саломатлик посбонларининг касбий малакаси ҳам ўсган. Аввалгидек, ўрта тиббиёт ходимларигина эмас, олий маълумотли умумий амалиёт шифокорлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бугун ҚВПларда 697 нафар юқори малакали УАШлар иш олиб боришяпти.   Дастлабки даврларда ҚВП­ларни шакллантириш жараёни борган бўлса, энди улар фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Бинобарин, жорий йилдан яна бир муҳим янгилик - бирламчи тизимда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимлари меҳнати самарадорлигини ошириш бўйича рейтинг тизими жорий этилди.

Ойбек Турдиматов,

бошқарма бош мутахассиси.