Боғнинг соғлиқни сақлаш муассасаларига ажратилган ҳудуди ҳам ўша кунлари улкан чаманзор қиёфасини олди. Жорий йилдан ҳар бир қатнашчи жамоа кичик гулзорлар яратгани, янги экилган нафис ва ноёб гуллар очилиб, байрам қатнашчиларию узоқ-яқиндан келган меҳмонларни ҳайратлантирганлиги эътиборга моликдир. Ташкил этган гул кўргазмалари мазмундорлигига, бадиий чиқишлар даражаси юксаклигига ҳамда байрамни файзли ва кўтаринки руҳда ўтказилишига эришиш учун астойдил ҳаракат қилинди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, вилоят кардиология маркази, вилоят эндокринология ва вилоят онкология диспансерлари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят руҳий асаб касалликлар шифохонаси, "Пахталикўл" сиҳатгоҳи ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар гул шайдолари томонидан яратилган турфа гуллар жамланмалари, экспозиция ва паннолар байрам кўркига кўрк бағишлади.

- Сиҳатгоҳимизда кўкаламзорлаштириш, айниқса гул парваришлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир бўлимда турли - туман, ноёб гуллар ўстирилади. Байрамга энг муаттар гуллардан намуналар олиб келдик,- дейди "Пахталикўл" сиҳатгоҳининг маънавий-маърифий ишларга масъули Аъзамжон Абдуллаев.

Вилоят тиббиётчиларининг анънавий "Гул байрами"даги иштироки ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кўргазмаларни кўздан кечириш чоғида барча қатнашчиларни Истиқлолнинг йигирма беш йиллиги билан қутлади.