Муассаса 1997 йилда очилган. У Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси тасарруфида бир неча йил фаолият юритди. Кейинги йилларда эса эътибор янада кучайтирилди. 2014 йили тўрт қаватли янги бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Жиҳозлар тўкислигига эришилди. Энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар берилди.
Марказда 5 нафар врач ҳамда 27 нафар ҳамшира ногиронлар хизматида. Физиотерапия, массаж, адабтация, жисмоний даволаш, лаборатория хоналари ишлаб турибди.
- Шу йилнинг 1 мартидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимига ўтказилган марказимизда ижобий ўзгаришлар янада кўпайяпти, - дейди директор Бахтиёр Ёқубов. - Биз ишимизни янада яхшилаб, ногиронлар меҳнат фаолиятининг бузилган ёки йўқотган функциясини тиклаш ҳамда компенсация қилишга йўналтирилган тибиий-ижтимоий, касбий ва бошқа реаблитация чора-тадбирларини изчил бажарилишини таъминламоқдамиз. Бунинг учун бошқарма томонидан ўз вақтида етарли кўмак берилмоқда. Шуҳрат Шодмонов, Юсуфжон Асқаров, Замира Мирзаева ва Хожакбар Акбаров каби врачларимиз айниқса фаоллик кўрсатишяпти.
Марказга келганларнинг аксарияти ўзларидаги ижобий ўзгаришлардан, бунга сабабчи бўлаётган шифокорлардан беҳад хурсандликлари аҳил жамоанинг катта муваффақиятидир.
- Невролог врач Шуҳрат Шодмоновнинг муолажалари туфайли танамдаги оғриқлар анча чекинди, аҳволим кун сайин енгиллашмоқда, - деди II гуруҳ ногирони Руқия Дадабоева. - Шундай марказнинг борлигига, шундай шифокорларнинг беминнат тиббий ёрдамларига бехад шукроналар айтамиз. Бу ерда физиотерапия хизматигача намунали йўлга қўйилибди. Ҳатто, жарроҳлик амалиётларигача ўтказила бошланибди. Мустақил юртимиздаги биздақа инсонларга шу қадар юксак эътибор берилаётганлиги учун Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.
- Марказда ногиронларни имкон қадар соғломлаштириш, дардларини енгиллаштириш учун барча қулайликлар яратиб қўйилибди,-дейди мамнун кайфиятда I гуруҳ ногирони Ҳамидхон ота Абдураҳмонов. - Mуолажаларига асло гап йўқ. Агар ётган кунларингиз байрамга тўғри келиб қолса ҳам асло ўкинмайсиз. Сабаби, марказ директори Бахтиёр Ёқубовнинг ташкилотчилиги туфайли байрамлар алоҳида тайёргарлик билан тантанали ўтказилади. Ногиронлар уйларида ҳам кўрмаган ғамхўрликни шу марказда кўрадилар. Чунки, жамоага меҳрибон, дардмандларга шодлик туҳфалаш учун қайғурадиган ажойиб инсонлар жамулжам бўлишган.
Отахоннинг гапларида ҳеч муболаға йўқ. Жумладан, байрам кунлари марказда тўкин дастурхон ёзилади, даврага санъаткорлар таклиф этилади. Тадбир сўнгида ҳомийлар ҳиммати билан келтирилган совғалар ногиронларга тантанали улашилади.
Истиқлолли юртнинг одамлари шундай сийловларга мушарраф. Ногиронларни реаблитация қилиш марказининг жамоаси хайрли ва савобли эзгу ишларидан доимо олқиш олишаётгани ҳам бежиз эмас.
С. Тожибоев.