Поликлиникада эндокринолог, офтольмолог, кардиолог, жарроҳ, невропотолог, педиатр, акушер-гинеколог ва бошқа соҳа мутахассислари беморлар, қолаверса байрамолди акциясида иштирок этиш истагида бўлган оналар ва болалар, ёшлар, кексаларни қабул қилишди.
- Мазкур акциядан мақсад аҳоли фаровонлигини таъминлаш, узоғини яқин қилиш, соғлом оилани шакллантириш ва ирсий касалликларнинг олдини олишдир, - дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий тиббиёт маркази эндокринологи Анна Алиева. - Бобур Тешаев, Ҳилола Гулямовалар билан биргаликда кўрикка келган фуқаро билан чуқур анамнез ўтказдик ва қон таҳлилларини олдик. Шу ернинг ўзидаёқ диабетга мойиллиги бор ёки йўқлигини аниқлаб, зарурий маслаҳат ва тавсияларни бердик. Касаллик аниқланган беморларга вилоят эндокринология марказига чуқур тиббий текширувлардан ўтишлари учун йўлланмалар берилди.
- Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами муносабати билан мамлакатимиз пойтахтидан малакали шифокорлар ташриф буюришиб, тиббий кўрик уюштиришаётганини эшитиб бу ерга келдик, - дейди Мулкобод қишлоғилик 63 ёшли Мавлуда Мелибоева. - Имкониятдан фойдаланиб келинларим, набираларимни ҳам текширувлардан ўтказдик. Керакли тиббий маслаҳатларни олиб, ташкилотчилардан жуда-жуда миннатдор бўлдик.
- Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига кўрикка бориш истагида эдим, - дейди туманнинг энг чекка ҳудуди - Олтинкўл қишлоғилик Олимжон Аҳмедов. - Марказ мутахассисларининг туманимизга ҳам ташриф буюрганидан жуда-жуда хурсанд бўлдим ва улар кўригига ошиқдим. Шифокорлардан саломатлигимизни асраш тўғрисидаги зарурий тавсияларни олдим. Соғлигимиз ўз қўлимизда эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
- Бу галги тиббий-ижтимоий акция кенг қамровлиги билан катта аҳамият касб этди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи вазифасини вақтинча бажарувчи Шуҳрат Аҳмедов. - Пойтахтлик тажрибали ва малакали шифокорларнинг ташрифи нафақат беморларга қулайлик, балки маҳаллий шифокорларнинг ҳам маҳорат ошириши ва тажриба алмашишига, соҳамиз янгиликлари ва замонавий тиббий технологиялардан воқиф бўлишларига, эртанги иш самарадорлигини янада яхшилашга муҳим омил бўлди.
Манзура ЭРГАШЕВА.