Мазкур биринчилик Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги шарафига, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган ходимлар, айниқса ёшлар ва аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, оммавий тарзда спорт билан шуғулланишларига шароит яратиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкилланди.
- Июль ойида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасаларида кечган саралаш босқичида ғолиб чиққан тиббиёт ходимларидан иборат 40 дан ортиқ жамоалар финал беллашувларида иштирок этиш учун Наманганга келдилар, - дейди бошқарма бош ҳамшираси Райхона Мансурова. - Пешқадам спортчи-тиббиётчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мусобақа якуний босқичининг очилиши байрам тусини олди. Минг-минглаб спорт ишқибозлари ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаш учун ўйингоҳга йиғилдилар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Зулайҳо Маҳкамовалар истиқлол йилларида барча соҳалар қаторида спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам катта эътибор қаратилганлиги боис юртимиздан дунёга машҳур спортчиларнинг янги авлоди етишиб чиқаётганлиги, айниқса Бразилияда давом этаётган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида ўзбек спортчилари эришган муболағасиз улкан, тарихий ютуқлар барчада чексиз фахр-ифтихор уйғотганлигини алоҳида қайд этиб, тиббиёт ходимлари ўртасида уюштирилган мазкур мусабақанинг саломатлик тарғиботидаги аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидладилар.
- Соғлиқни сақлаш ходимларининг спортга иштиёқлари ғоят баланд. Улар спортнинг у ёки бу тури билан доимо шуғулланиб келишади. Бундай мусобақалар эса соҳа вакилларининг ҳам жисмоний, ҳам маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади, - дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъули Абдусаттор Тўйчибоев.
Давлатимиз мадҳияси янграгач, мусобақаларга старт берилди. Беллашувларлар спортнинг етти тури бўйича кечди. Саломатлик посбонлари мини футбол, стол тенниси, волейбол, арқон тортиш, шахмат, шашка, енгил атлетика бўйича нималарга қодир эканликларини намойиш қилдилар.
- Мен енгил атлетикачилар мусобақасида қатнашяпман. Бундай мусобақалар аёллар, айниқса қизлар ўртасида ҳам ташкил этилгани айни муддао бўлди. Бир неча кун мобайнида югуриш бўйича машқларда қатнашдик. Куч-ғайратимиз янада ортди, - дейди "Она ва бола скрининги" маркази иш юритувчиси Фотима Раҳмонова.
Ҳар бир қатнашчи жамоаси ғалабасига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш учун астойдил ҳаракат қилди. Футбол жа-моалари баҳси, арқон тортиш ўйинлари марказий аренада бўлди. Волейболчилар ва енгил атлетикачилар очиқ майдонларда кураш олиб боришди. Стол тенниси ихлосмандлари, шахмат, шашка ишқибозлари ҳам ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олиш учун астойдил интилишди.
- Тиббиёт бирлашмамизда спорт-соғломлаштириш ишлари намунали йўлга қўйилган. Шифокорларимиз ва ҳамшираларимиз доимо соғлом ва кўтаринки кайфиятда фаолият олиб боришларида спорт мусобақалари изчил ташкил этилаётганлиги ижобий самара беряпти, - дейди Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Аббосхон Мамадалиев. - Бугунги мусобақаларда вакилларимиз яхши натижаларни қайд этишаётганлиги ҳам шундан.
Шундай қилиб, икки кунлик муросасиз баҳслар якун топди. Ҳар бир спорт тури бўйича ғолиблар аниқланди. Футболчилар баҳсида Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Уйчиликлар иккинчи, Поп ва Чортоқ туманлари вакиллари эса учинчи ўринларни эгаллашди. Волейболчи қизлар ўйинларида ҳам янгиқўрғонликларга тенг рақиб топилмади. Кейинги ўринлар Наманган шаҳри ва Наманган тумани спортчиларига насиб этди. Арқон тортишда вилоят онкология диспансери жамоаси энг кучли эканлигини намойиш қилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
- Жуда ҳам ибратли саъй-ҳаракат бошланибди. Байрам арафасидаги бундай мусобақалар одамларнинг кайфиятини янада кўтаради, - дейди Республика соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев. - Чиндан ҳам оммалаштиришга арзийдиган ташаббус. Соғлом турмуш тарзини спорт воситаси орқали тарғиб қилинаётганлиги эса янада аҳамиятли.
Шахсий биринчиликлар ҳам қизғин тус олди. Стол тенниси мусобақаларида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёти марказидан Баҳром Мирзаабдуллаев ва РШТЁИМ Наманган филиалидан Ҳилола Сатторовалар ғолиб чиқишди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан Мусохон Обидов ва Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасидан Феруза Тошбоевалар шахматчилар, РИА ва ГИАТМ Наманган филиалидан Обид Нурматов ва вилоят силга қарши кураш диспансеридан Дилфуза Жўраевалар эса шашкачилар беллашувининг ғолиблари, деб эътироф этилди. Енгил атлетика баҳслари 25-30 ва 35-40 ёшлилилар ўртасида бўлиб ўтди. Унда Поп тумани тиббиёт бирлашмасидан Илҳомжон Мамадалиев ва Абдувоҳид Камоловлар, Чуст тумани тиббиёт бирлашмасидан Дилбар Ибрагимова, РШТЁИМ Наманган филиалидан Нигора Латиббоевалар тезкор ва чаққонликларини кўрсатдилар.
- Келгусида бу каби мусобақалар анънавий тарзда ташкилланади, - дейди Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси вилоят бўлими ижрочи директори Доно Убайдуллаева. - Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг спортга бўлган қизиқишларини инобатга олиб, мусобақа дастурини янада кенгайтириш режасини ишлаб чиқишга қарор қилинди.
Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари ҳамда дипломлар тантанали вазиятда топширилди. Байрам олдидан барчанинг дилини хушнуд этувчи мусиқий дастур намойиш қилинди. Хушовоз хонандаларнинг чиқишлари оммавий рақсга уланиб кетди. Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раиси Танзила Норбоева иштирок этди.
Соғлом авлодни шакллантиришда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёсдир. Спорт саломатликни асрашнинг муҳим омили эканлигини тиббиёт ходимларига ортиқча изоҳлашнинг ҳожати йўқ. Зеро, аҳоли соғлигини мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифани зиммасига олган шифокору ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари соғлом турмуш тарзи тарғиботчиларидир. Икки кунлик беллашувлар чоғида улар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги салоҳиятларини амалда намоён этдилар. Умид қиламизки, майдонга чиққан саломатлик посбонларининг намунаси бошқалар учун ибрат вазифасини ўтайди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.