Ўқув даргоҳимизда чуқур билим ва юқори малакага эга бўлишимиз учун барча имкониятлар муҳайё. Устозларимиз ҳамиша талабчану ғамхўрдирлар. Анваржон Пўлатов, Исломжон Бегматов, Қодирхон Азизов ва Гулчеҳра Тўлабоева сингари ўқитувчиларимиз кимё, анатомия фанларидан сабоқ беришса, Нозима Қориева инглиз тилидан маш­ғулотлар ўтказишади. Чоршанба-амалиёт куни деб белгиланган. Марказий дорихонада иш ўрганамиз.

Коллежимизда маънавий-маърифий ишлар ҳам яхши йўлга қўйилган. Директоримиз ўринбосари Иминжон Муродов, гуруҳ раҳбаримиз Шоҳмирзо Бойбобоев билан ҳамкорликда бизларни турли тадбирларда иштирок этишга чорлаб туришади. "Балли, қизлар!", "Ораста қизлар" танловлари жуда -жуда мароқли ташкилланади. Мен дугоналарим Мафтуна Пўлатова, Мафтуна Нортожиева билан тадбирларда фаол қатнашамиз. Гуруҳдошларим Иброҳим Иномжонов билан Мўйдинхон Абдураҳмоновлар йигитлар ўртасидаги баҳсларда фаоллик кўрсатишади.

Истиқлолимизнинг йигирма беш йиллик айёмида такрор ва такрор тилга олинаётган "Ким эдигу ким бўлдик" деган муборак сўзлар - асрий армонларини, миллатимиз чеккан ранжу ситамларни, қаттол ва мустабид даврларнинг барча зўравонликларини эсга солади. Яна бугунги озод ва эркин замонимиз, ғурур ва ифтихоримизни ўзида мужассам этган бу пурмаъно ва залворли ҳикмат ҳар биримизда чексиз фахр уйғотади. Биз мус­тақиллик даврида яшаяпмиз, йигирма беш йилдан бери ҳар йили шу қутлуғ санани интизорлик билан, орзу умидлару ҳаяжонли орзиқишда кутамиз ва нишонлаймиз. Ҳаётимизда бошқа қутлуғ саналар ҳам талайгина, лекин буниси алоҳида, буниси ўзгача. Фикрлайдиган одамни, онги уйғоқ, қалби бедор инсонни ўйлантирадиган, ўз толеи, одамийлик бурчи, жамият ҳаётидаги ўрни билан фуқаролик масъулиятини яна бир маротаба астойдил англатадиган, ўйлатадиган, ўз кўзгусига солиб, кимлигини чуқур идрок этишга ундайдиган, талабчану синчков ва айни пайтда беҳад бу саодатли санадир.

Қутлуғ айёмда кўнглимиз шукроналарга тўла. Мен бугун коллеж ўқувчиси бўлсам, эртанги ниятим тиббиёт институтида сабоқ олишни давом эттириш, халқимиз саломатлигининг посбонлари сафига қўшилиш. Бунинг учун тинмай ўқийман, изланавераман.

Насиба СОТИБОЛДИЕВА,

Косонсой тиббиёт коллежи ўқувчиси.