Улуғ айём арафасида "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида уюштирилган ҳайрия тадбирида нодавлат тиббиёт муассасаларида тиббий кўрсатмаси бўлган, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтиш истагини билдирган фуқароларни энг замонавий тиббий аппаратуралар ёрдамида диагностика қилиш, муолажа ва маслаҳатлар бериш бепул амалга оширилди.
Биз Наманган шаҳридаги "Наманган мед профил" МЧЖга қарашли офтольмология шифохонасида бўлганимизда акция қизғин давом этаётгани устидан чиқдик. Мирзаикром Юсупов бошқараётган мазкур шифохона ҳовлиси бепул тиббий кўрикка ошиққан оналар ва болалар, кексаю-ёш билан гавжум. Малакали шифокорлар Баходир Болтабоев ва Элдор Ирисқуловлар беминнат хизматда эдилар.
Замон талаблари даражасида, дунё андозаларига мос "Наманган тиббий диагностика" МЧЖда ўтказилган акцияда ҳам аҳолининг барча қатламлари иштирок этди. Яқинда «Меҳрибонлик уйи»нинг 63 нафар тарбияланувчиларини тиббий кўрикдан ўтказган марказ жамоаси, мазкур тиббий тадбирда ҳам бағоят фаол бўлишди. Биокимёвий таҳлил, УТТ текшируви, акушер - гинеколог ва бошқа мутахассислар кўрувлари тадбир иштирокчиларини мамнун этди.
Шифохонанинг УТТ мутахассиси, олий тоифали шифокор Ўткир Ибрагимовни иш устида суҳбатга чорладик.
- Бемор Маҳфуза Хожиназарова Норин туманидан ташриф буюрган, - деди у. - Аппарат ёрдамида қалқонсимон без фаолиятини кўрувдан ўтказдик. Ташхис: "Қалқонсимон без сурункали яллиғланиши, сурункали териедид" деб топилди. Онахонга вилоят эндокринология марказига чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишлари учун тавсия бердик.
"Saydana" шифохонасидаги тиббий-ижтимоий кўрик ҳам кам таъминланган оилалар дилларини хушнуд этди.
Олий тоифали врач Мирҳамид Мирхидоятов бошчилигида МРТ аппаратида беморлар тиббий текширувда ўтказилди.
- Авваломбор шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбек халқига мустақилликни, тинч ва фаровон ҳаётни бахш этган, журъатли ва жасоратли инсон муҳтарам Юртбошимиздир, - дейди ВССБ НТМТКТХС НҚБ бош мутахассиси Назиржон Давлатов. - Тарихан жуда қисқа давр 25 йил ичида тиббиётда оламшумул муваффақиятларга эришилди. Нодавлат тиббиёт муассасаларининг фаолияти учун барча имтиёзлар, шарт-шароитлар яратилди. Бу ҳам мустақилликнинг улкан шарофатидир.
Дарҳақиқат, 150 дан зиёд хусусий муассасаларда ташкилланган бу акция хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган катта ғамҳўрликка нисбатан шифокорларнинг яна бир муносиб жавобларидир.
Манзура ЭРГАШЕВА.