Жорий йилги тадбирлар ҳам август ойининг илк кунларидан бошланди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида уюштирилган семинар тренинг "Ўзбекистонда гўдакларни кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қувватлаш ва бунда тиббиёт ходимларининг роли" мавзусига бағишланди.
Семинарни ВБКТМ бош врачи А. Раҳмонов кириш сўзи билан очди. ВССБ мутахассиси Д. Болтибоева "Болаларни кўкрак сути билан боқиш бўйича Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тавсияларига мос бўлган тамойиллар" ҳақида сўзлади. У республикадаги болалар тиббиёт марказлари ичидан энг биринчи бўлиб ташаббус кўрсатган мазкур жамоага Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва халқаро ЮНИСЕФ ташкилотининг "Болага дўстона муносабатдаги ташаббускор шифохона" зарҳал ёрлиғини тантанали топширди.
Шундан сўнг, врач-неонатолог Д. Азизова "Кўкрак сути билан боқишнинг ҳудуддаги ҳолати", РИА ва ГИАТМНФ акушер-гинекологи Д. Атамирзаева "Фертиль ёшидаги аёлларнинг овқатланиши", мазкур филиал дояси З. Зохидованинг "Соғлиқни сақлаш тажрибаси" мавзуларидаги маърузалари тингланди.
- Сунъий озиқлантириладиган гўдакларнинг эмиздириладиган болаларга нисбатан ўлим хавфига 14 баробар кўпроқ дучор бўлиши аниқланган, - дейди вилоят кўкрак сути билан боқиш дастури координатори Д. Азизова. - Узоқ вақт кўкрак сути билан озиқлантирилган болалар юқумли касалликларга кам чалинадилар.
Тренинг давомида вилоятда гўдакларни истисносиз кўкрак билан боқишни тарғибот қилишда тиббиёт муассасаларининг ўрни ва тиббиёт муассасаларида Халқаро кўкрак сутини ҳимоя қилиш кодексига амал қилиш, шу билан бирга бу борада йўл қўйилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳам муҳим тавсиялар берилди.
Манзура ЭРГАШЕВА.