Ўтган ҳафтада Тошкентдан бир гуруҳ ижодкорлар вилоятимизга ташриф буюришди. Улар меҳнат жамоаларида бўлишиб, "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкиллашди. Айниқса, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари жамоалари билан бўлган учрашувлар, давра суҳбатлари ғоят мароқли тус олди.

Вилоят тиббий диагностика маркази мажлислар залига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, онкология диспансери, "Она ва бола скрининги" маркази ва бошқа муассасаларнинг вакиллари жамулжам бўлишди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Жамолиддин Муслим очди ва олиб борди.

Дастлаб Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази матбуот котиби, Ўзбекистон миллий университети катта илмий ходим - изланувчиси Отабек Бозоров сўзга чиқиб, истиқлолнинг халқ учун беқиёс бахт-иқболлигини ёрқин мисоллар билан кўрсатиб берди.

Таниқли ўзбек болалар шоири, "Дўстлик" ордени соҳиби Турсунбой Адашбоев ҳур диёр ва унинг бунёдкор халқи ҳақидаги сермазмун ва таъсирчан шеърларидан ўқиди. Қатоғон қурбонлари хотираси музейи бош муҳофизи Абдували Йўлдошевнинг кечаги куннинг мудҳиш фожеалари ифодаланган ҳикоялари шундай дориломон кунлар осонгина келмаганидан йиғилганларни яна бир бор воқиф этди.

Таниқли актёр ва режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Исамат Эргашев ўзининг "Темир хотин" фильми ўзбек аёлларининг мустабид тузум давридаги аянчли қисматига бағишланганини айтар экан, бугунги хотин-қизларнинг эркин ва бахтиёр ҳаёти мустақилликнинг қутлуғ шарофати туфайлилигини алоҳида таъкидлаб гапирди. Кино санъатининг ҳозирги ёшлардан ҳамиша катта истеъдод, тинимсиз ўқиш ва изланиш талаб қилишини, энг яхши асарларгина томошабинларда Ватандан чексиз фахрланиш туйғуларини жўш урдириши мумкинлигини, соҳадаги ютуқларни зўр мамнуният билан тилга олди.

Ўзбек академик драма театри актёри Камолиддин Раҳмонов ижросидаги Алишер Навоийнинг "Садди Искандарий" достони асосида саҳналаштирилган спектаклдаги Искандар монологи зўр эътибор билан тингланди. Давра куй ва қўшиқлар билан янада файзланди.

Шоир Содиқ Сайҳун, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг маънавий-маърифий ишлар бў­йича мутасаддиси Баҳодир Турдиевлар пойтахтдан келган меҳмонлар билан бўлган учрашув ғоят унутилмас лаҳзаларга айланганини эътироф этишди.

Худди шундай тадбирлар шаҳардаги кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда 1-шифохонада ҳам ўтказилди. Меҳнат жамоаларида байрам олдидан кўтаринки кайфият уйғотилди.

Ўз мухбиримиз.